Жаҳон - 23:05 · 06.06.2022

Борис Жонсон ишдан кетмаслиги учун ўзини ҳимоя қилиш мақсадида хат ёзди

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон карантинда базм ўтказгани учун ишдан кетиши мумкинлиги, унга қарши ишончсизлик вотуми ўтказилиши маълум қилинганди. Ҳолат юзасидан Жонсон ўзини ҳимоя қилиш мақсадида парламентдаги Консерватив партияси фракцияси аъзоларига очиқ хат ёзди.

Фото: «BBC»

Хатда вазир карантиндаги базм можароси ҳақида гапирган ва унга нисбатан ишончсизлик вотуми бўйича овоз беришда ёрдам сўраган.

«Охирги ойларда мен қаттиқ танқид остида қолганимни биламан ва бу тажриба бутун партия учун оғриқли бўлди. Эҳтимол, бу танқидларнинг баъзилари ҳақиқатан адолатли, баъзилари эса камроқ даражада бўлгандир . Мантиқий мулоҳазалар бўлган жойда мен тингладим, хулосалар чиқардим ва жиддий ўзгаришлар киритдим. Лекин шуни таъкидлай олмаслигим мумкин эмаски, бизда буни ортда қолдириш учун олтин имконият бор», — деб ёзган партия раҳбари.

Жонсон, агар унинг партияси яқин кунларда жам бўлса, «яна ғалаба қозонишига» ишонч билдирган. Ҳукумат раҳбари 2019 йилдан буён ишлаб келаётган ушбу лавозимда эришган ютуқларини ҳам санаб ўтган. Улар орасида Brexit тартибининг тугатилиши, Буюк Британия Украинани Европа давлатлари орасида биринчи бўлиб қўллаб-қувватлаши ва Уганда билан миграция пакти бор. Жонсон, шунингдек, «бутун дунё Путин агрессиясининг иқтисодий оқибатлари билан курашаётган бир пайтда» Лондон заиф гуруҳларни қўллаб-қувватлаш учун аллақачон қатъий чоралар кўрганини эслатиб ўтган.

Вазир, шунингдек, юқори инфляция шароитида молия вазири Риши Сунак билан бирга тез орада иқтисодий масалаларга кўпроқ вақт ажратишга ваъда берган. Мактуб охирида Жонсон партиядошларидан «мамлакатига ёрдам беришни» сўраган. Жонсоннинг ўзи истеъфога чиқиш ниятида эмас. Шунингдек, сиёсатчининг рақиблари ҳам уни лавозимидан четлаштириш учун зарур бўлган 180 овозни тўплашининг эҳтимоли паст.

Ишончсизлик вотуми қабул қилинган ҳолатда, Жонсон партиянинг янги етакчиси сайланмагунча бош вазир бўлиб қолади. Акси ҳолда эса кейинги йилгача бундай вотум ўтказиш мумкин бўлмайди.

Аввалроқ Борис Жонсонга қарши 2019 йил Кариб денгизидаги таътили сабаб текширув ишлари бошланганди. Шунингдек, Борис Жонсон коррупцияда гумон қилинаётгани маълум қилинган.

Bugun — LIVE