Жаҳон - 13:40 · 06.06.2022

Британия бош вазири карантинда базм ўтказгани учун ишдан кетиши мумкин

Британия парламенти аъзолари 6 июнь куни бош вазир Борис Жонсонга қарши ишончсизлик вотуми ўтказади. Бу ҳақда «The Guardian» хабар берди.

Фото: «CNN»

Маълум бўлишича, вотум бўйича овоз бериш маҳаллий вақт билан 18:00 дан 20:00 гача (Тошкент вақти билан 22:00–00:00) бўлиб ўтади.

Жараён консерватив партия депутатларининг камида 15 фоизи (54 киши) парламент қўмитасига бош вазирнинг истеъфосини талаб қилиб мактуб юборганидан сўнг бошланган. Маълум бўлишича, бунга ҳукумат аъзолари ва Жонсоннинг ўзи 2020-2021 йилларда, қаттиқ карантин ва чекловлар даврида базмлар уюштиргани сабаб бўлган.

Таъкидланишича, Жонсоннинг ўзи истеъфога чиқиш ниятида эмас. Шунингдек, сиёсатчининг рақиблари ҳам уни лавозимидан четлаштириш учун зарур бўлган 180 овозни тўплашининг эҳтимоли паст.

Ишончсизлик вотуми қабул қилинган ҳолатда, Жонсон партиянинг янги етакчиси сайланмагунча бош вазир бўлиб қолади. Акси ҳолда эса кейинги йилгача бундай вотум ўтказиш мумкин бўлмайди.

Аввалроқ Борис Жонсонга қарши 2019 йил Кариб денгизидаги таътили сабаб текширув ишлари бошланганди. Шунингдек, Борис Жонсон коррупцияда гумон қилинаётгани маълум қилинган.

Bugun — LIVE