Жамият, Жаҳон - 21:00 · 06.06.2022

Бугун оқшоми. Каримовнинг вафот этган ёрдамчиси, отаси уриб ўлдирган фарғоналик қиз, Қозоғистондаги референдум

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги дайжестни футбол ҳақидаги хабар билан бошлаймиз: Ўзбекистон U-23 терма жамоаси гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинини кўк рангли формада ўйнайди.

Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси ахборот хизмати

Аллақачон плей-офф масаласини ҳал қилишга улгурган олимпиячиларимиз эртага, 7 июнь куни Қаршида гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинда Эрон терма жамоасига қарши майдонга тушади. Олимпия терма жамоамиз ушбу ўйинни (агар, мободо, мободо-да, ҳозирги пайтда билиб бўлмайдику, агар Хитойдаги худди шу чемпионатнинг финалида ёққанидек қор ёғмаса — ёғса ҳам фарқи йўқ — барибир чемпион бўлган — такрорлаш мумкин) тўлиқ кўк рангли, дарвозабон эса қора формада ўтказади. Учрашув 7 июнь куни соат 22:00 да бошланади (ёз фаслида футбол ўйнаш ва кўриш учун идеал вақт).

Аввалроқ Темур Кападзе бошчилигидаги 23 ёшгача бўлган футболчилардан ташкил топган терма жамоамиз 1 июнь куни 1-турда Туркманистонни минимал ҳисобда, 4 июнь куни 2-тур доирасидаги ўйинда Қатарни йирик (6:0) ҳисобда мағлуб этиб, кейинги босқич масаласини ҳал қилиб қўйган эди. Йигитларга яна худди шунақа шижоат ва омад тилаймиз. Қатарга сарфланган кучни компенсациясини ушбу ўйинда чиқариш мумкин — эртанги ўйинда Туркманистон билан қайд этилган ҳисоб ҳам етарли.

Ислом Каримовнинг ёрдамчиси, Президент қабулхонаси раҳбари Георгий Крайнов 90 ёшида вафот этди.

Фото: Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси

Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов қабулхонасига раҳбар бўлган Георгий Алексеевич Крайнов 4 июнь куни 90 ёшида вафот этди. У Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси, Президент қабулхонаси бош маслаҳатчиси лавозимларида фаолият юритган.

Крайнов 2018 йилдан ҳозиргача Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида етакчи илмий ходим бўлиб ишлаган. Марҳум «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, «Дўстлик», «Меҳнат шуҳрати» ордени, ва «Содиқ хизматлари учун» медаллари билан тақдирланган.

Фарғонада 16 ёшли қиз йигит(и) билан тунда сайр қилганини билган отасидан еган калтаклари оқибатида вафот этди.

Бу турдаги хабарларни, аслида, дайжестга қўшмас эдик, аммо бу сафар истисно бўлди, чунки ҳолатнинг ўзи даҳшатли! Жабрдийданинг ўзини айблаш, яъни виктмблейминг яхши эмас, ҳар қандай ҳолатда ҳам айбдорни оқлаш тўғри иш эмас.

Фото: «Bugun.uz» / Иллюстратив

3 июнь куни Учкўприк тумани Турғоқ қишлоғида яшовчи фуқаро вояга етмаган қизи (2006 йилда туғилган, мактаб ўқувчиси) тунги вақтларда «Spark» автомашинасида бир йигит билан яширин равишда учрашувга чиққанини билиб қолган. Ушбу ҳолатдан ғазабланган ота қизининг бош қисмига бир неча маротаба урган.

Олган тан жароҳати таъсирида қиз ҳушини йўқотган. Ота қизини юзига сув сепиб, ҳушига келтирган ва ўша йигит билан гаплашиб юрмаслигини тайинлаган. Шундан сўнг қиз ётоқхонасига кириб кетган ва олинган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Учкўприк тумани ИИБ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шавкат Мирзиёев: Бразилия президентига ҳамдардлик йўллади, Тўқаевни билан телефон орқали суҳбатлашди, жамоат транспортини ривожлантириш бўйича лойиҳа ва таклифлар тақдимоти билан танишади.

Шавкат Мирзиёев Бразилиянинг шимоли-шарқий ҳудудларида юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва катта талофатлар кўрилгани муносабати билан мамлакат президенти Жаир Мессиас Болсонаруга ҳамдардлик йўллади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумот учун, Бразилияда тошқин ва кўчкилар оқибатида 126 киши ҳалок бўлган. Табиий офатлар туфайли 9302 киши уйини ташлаб кетган. Улар 27 шаҳардаги 111 та бошпанага жойлаштирилган. Бундан ташқари, 31 та шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Штат бўйлаб кучли ёмғирдан 51 та шаҳар зарар кўрган.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат раҳбари Қозоғистон президентини муҳим сиёсий тадбир — мамлакат Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича умуммиллий референдум муваффақиятли ўтказилгани билан қутлаган. Қўшни Қозоғистондаги референдумга пастроқда алоҳида тўхталамиз.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев иш куни якунида Тошкент ерусти ҳалқа метросининг 2-босқичи қурилиш жараёни ҳамда пойтахтда жамоат транспортини ривожлантириш бўйича лойиҳа ва таклифлар тақдимоти билан танишди.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • «Ҳудудгазтаъминот» сайтида «Хонадонлар учун табиий газ харажати калькулятори» жорий этилди;
  • Ўзбекистонда 7–9 июнь кунлари жазирама иссиқ кузатилади;
  • Туркманистон Ўзбекистондан транзит юкларини ташишга рухсат берди.

Хўш, оламда нима гап?

Қозоғистонда бўлиб ўтган конституциявий референдумда овоз берувчиларнинг 68,06 фоизи иштирок этиб, уларнинг 77,18 фоизи ўзгартиришларни ёқлаган. Тўқаев ўз халқига мурожаат қилди.

Қозоғистонда мамлакат Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича рефендумнинг дастлабки натижалари эълон қилинди. Унга кўра, ўзгартиришлар киритишни ёқлаб овоз берган фуқаролар сони мамлакатнинг барча ҳудудларида овоз беришда қатнашганларнинг (11 миллион 734 минг 642 нафардан 7 миллион 986 минг 293 нафар фуқаро ёки 68,06 фоиз) 77,18 фоизини (6 миллион 163 минг 863 нафар фуқаро) ташкил этган.

Фото: «Власть»

Конституцияга киритилган ўзгартиришларга қарши овоз берган фуқаролар сони овоз беришда қатнашганларнинг 18,66 фоизини ёки 1 миллион 490 минг 475 нафарни ташкил этди. Конституцияга киритилган ўзгартиришларга қарши овоз берган фуқаролар сони овоз беришда қатнашганларнинг 18,66 фоизини ёки 1 миллион 490 минг 475 нафарни ташкил этган. Ҳар иккала жавоб варианти танланган, яъни ҳақиқий деб топилган, лекин овозларни санаб чиқишда қонун ҳужжатларида ҳисобга олинмаган бюллетенлар сони 1,58 фоизни ёки 125 минг 859 та бюллетен. Шу тариқа референдум ўтказилган деб ҳисобланди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев референдумдан сўнг халққа мурожаат йўллади. Унинг сўзларига кўра, жамият ҳуқуқ-тартибот ва суд тизимидан реал ўзгаришлар кутмоқда.

«Жамият ҳуқуқ-тартибот ва суд тизимидан реал ўзгаришлар кутмоқда. Сентябрь ойида бўлиб ўтадиган парламентнинг навбатдаги сессияси очилишида сўзлайдиган нутқимда мамлакатни ривожлантиришнинг шу ва бошқа масалалари юзасидан аниқ қарорлар тақдим этаман», — деган Тўқаев.

Фото: «Reuters»

Давлат раҳбари ушбу референдум Қозоғистон давлатчилигида мутлақо янги саҳифа очишини таъкидлаган.

«Қуруқ ваъдалар ва чиройли сўзлар ҳеч қаерга етакламайди. Мен учун аниқ иш ва реал ўзгаришлар ҳамма нарсадан устун. Бу мақсадга эришиш учун бор кучимни ишга соламан. Референдум якунлари давлатчилигимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очди — дейди Қозоғистон раҳбари.

Қўшниларимиз ҳам Янги Қозоғистон қурмоқчи. Янги Ўзбекистон ёнида Янги Қозоғистон — ажойиб.

Британия бош вазири карантинда базм ўтказгани учун ишдан кетиши мумкин. Мамлакат парламенти аъзолари Борис Жонсонга қарши ишончсизлик вотуми ўтказади.

Фото: «CNN»

Ҳукумат аъзолари ва Жонсоннинг ўзи 2020–2021 йилларда, қаттиқ карантин ва чекловлар даврида базмлар уюштиргани сабаб консерватив партия депутатларининг камида 15 фоизи (54 киши) парламент қўмитасига бош вазирнинг истеъфосини талаб қилиб мактуб юборган. Бунинг ортидан вотум бўйича овоз бериш маҳаллий вақт билан 18:00 дан 20:00 гача (Тошкент вақти билан 22:00–00:00) бўлиб ўтади.

Жонсоннинг ўзи истеъфога чиқиш ниятида эмас, у ўзини ҳимоя қилиб хат ҳам ёзган. Шунингдек, сиёсатчининг рақиблари ҳам уни лавозимидан четлаштириш учун зарур бўлган 180 овозни тўплашининг эҳтимоли паст.

Ишончсизлик вотуми қабул қилинган ҳолатда, Жонсон партиянинг янги етакчиси сайланмагунча бош вазир бўлиб қолади. Акси ҳолда эса кейинги йилгача бундай вотум ўтказиш мумкин бўлмайди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE