Тошкент вил. - 19:50 · 06.06.2022

ДХХ Тошкент вилоятида Туркия фуқаросини қўлга олди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тошкент вилоятида вақтинча истиқомат қилувчи 57 ёшли Туркия фуқароси Ю.Х.нинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Фото: Михаил Фролов

Маълум бўлишича, у Туркияда бўлиш тартибини бузгани боис депорт қилинган фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг мазкур давлатга киришлари учун қўйилган тақиқларни бекор қилдириб беришни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан пул маблағларини ўзлаштириб келган.

Жумладан, Сирдарё вилоятида яшовчи, 1963 йилда туғилган У.Г.га нисбатан Туркия давлатига кириши учун 5 йил муддатга қўйилган тақиқни бекор қилдириб бериш эвазига 2020 йилнинг декабрь ойида 1500 доллар талаб қилиб, олдиндан 1000 доллар олган.

Шунингдек, 2021 йилнинг февраль ойида Фарғона вилоятида яшовчи, 1969 йилда туғилган А.Р. билан учрашиб, у ва турмуш ўртоғининг Туркия давлатига киришларига қўйилган 5 йиллик тақиқни 45 кун ичида бекор қилдириб бериш эвазига 3000 доллар талаб қилиб, олдиндан 2500 доллар олган.

2021 йилнинг март ойида эса Фарғона вилоятида яшовчи, 1981 йилда туғилган А.З.нинг ҳам шундай муаммосини 1500 доллар эвазига ҳал қилиб беришини айтиб, олдиндан 1300 доллар олган. Аммо ваъдасини бажармай, пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Натижада 2021 йилнинг ноябрь ойида жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан Ю.Х. Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан айбдор деб топилиб, жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ қоплангани боис унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Аммо суд томонидан берилган муддат мобайнида Ю.Х. жаримани тўлашдан бўйин товлагани учун унга нисбатан қўлланилган жазо жиноят ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ туман судининг 2022 йилнинг апрель ойидаги ажрими билан 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига алмаштирилган.

Аввалроқ ДХХ Сирдарёда «электросеть»нинг 2 ходимини пора билан қўлга олганди.

Bugun — LIVE