Жамият - 17:56 · 06.06.2022

«Ҳудудгазтаъминот» сайтида «Хонадонлар учун табиий газ харажати калькулятори» жорий этилди

Ўзбекистонда истеъмолчилар hududgaz.uz сайтида жорий этилган «Хонадонлар учун газ харажати калькулятори»дан фойдаланиб, истеъмол қилинган табиий газ учун амалдаги ва таклиф этилаётган тарифлар бўйича қиёсий ҳисоб-китобларни амалга ошириши мумкин бўлади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, ушбу қулайлик янги жорий этилган «Истеъмолчи» тизимига ҳам татбиқ қилиниши кўзда тутилган. Газ таъминоти тизимида истеъмолчилар учун яратилаётган қулайликлар, айниқса, «ақлли» ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши табиий газ сарфи ва тўловларни масофадан туриб назорат қилиш, соҳа ходимлари ва истеъмолчи ўртасида юзага келадиган турли тушунмовчиликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни вақтгача республика бўйича 3 миллиондан ортиқ замонавий ҳисобдон ўрнатилган ва бу жараён яқин вақт ичида якунланади.

Бундан ташқари, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ истеъмолчилар учун хизмат кўрсатиш турларини доимий равишда ривожлантириб, кенгайтириб бормоқда. Хусусан, «Истеъмолчи» тизими табиий газ фойдаланувчиларининг шахсий ҳисоб рақамини бошқариши ва онлайн хизматларни олиш бўйича яқин кўмакчи ҳисобланади. Шахсий кабинет аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида жорий қилинган бўлиб, истеъмолчилар ушбу кабинет орқали бюрократик тўсиқларсиз, бир нечта газ хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга.

Жумладан, шахсий кабинетдан фойдаланиш учун биринчи навбатда истеъмолчи рўйхатдан ўтиши ва керакли маълумотларни тўлдириши керак. Янги тизимнинг афзаллиги шундаки, агар фойдаланувчида бир нечта шахсий ҳисоб рақам бўлса, уларнинг ҳолатини, шунингдек, барча объектлари учун газ истеъмоли ва тўловларни кузатиб бориши, кунлик, ойлик газ истеъмоли ҳамда қарздорлик ҳақидаги маълумотларни олиши мумкин.

Шахсий кабинет истеъмолчи учун қуйидаги қўшимча имкониятларни беради:

  • истеъмолчилар томонидан мурожаатлар жўнатиш (газга доир таклифлар, эътирозлар ва бошқа масалалар юзасидан);
  • газ истеъмоли, тўловлари ва бошқа ҳолатларга оид барча маълумотларга эга бўлиши ҳамда ўзи мустақил мониторинг қилиши;
  • истеъмолчи бир нечта хонадони бўйича ягона ойнада барча маълумотларини кўриш имконияти;
  • табиий газ тармоғига уланган истеъмолчи газ сервис хизматларига ариза бериши ва бошқалар.

Таъкидланишича, тизимдаги маълумотлар мунтазам янгиланиб турилади. Олдинги бажарилган амаллар бўйича барча маълумотлар, жумладан, ҳисоб рақамдаги маблағларни тўлаш ва сарфлаш, шунингдек, газ истеъмоли ҳақидаги маълумотлар сақланади. Қулай томони, маълумотларни саналар билан кўриш имконияти мавжуд.

Bugun — LIVE