Жамият, Самарқанд - 19:22 · 06.06.2022

Омбудсманнинг Самарқанддаги минтақавий вакили аралашуви билан қурилиш компанияси фуқароларга етказилган зарарни қоплаб берди

Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Хусановга 18 май куни Нуробод тумани Наврўз маҳалласидаги кўп қаватли уйда яшовчи 3 нафар фуқаро Р.С., Я.Н. ва А.С.лар мурожаат қилди.

Фото: Омбудсман ахборот хизмати

Улар ўз мурожаатида Нуробод тумани, Наврўз маҳалласида жойлашган мурожаатда кўрсатилган кўп қаватли уй 2021 йил декабр ойида қурилиб фойдаланишга топширилганига қарамай қисқа вақт ичида хонадонларнинг девор, ҳаммом ва ошхона қисмлари яроқсиз ҳолатга келиб қолганлигини билдирган.

Омбудсманнинг Самарқанддаги минтақавий вакили мурожаатни жойига чиқиб ўрганганида, ҳақиқатдан фуқароларнинг эътирозлари ўринли эканига гувоҳ бўлди.

Диёр Хусанов ушбу мурожаат бўйича буюртмачи «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компаниясига тегишли тартибда хат юбориб, унда бажарилган сифациз қурилиш ишларни дархол тартибга келтириш акс холда Омбудсман томонидан фуқаролар манфаатини кўзлаб судга моддий ва маънавий зарар ундириш бўйича даъво ариза киритилишини қайд этган.

Шундан сўнг буюртмачи «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси ходимлари мурожаатни жойига чиқиб ўрганиб, объектдаги мавжуд камчиликларни бартараф қилган ва фуқароларга етказилган зарарларни хам қоплаб берган.

Bugun — LIVE