Жаҳон - 23:57 · 06.06.2022

Путиннинг вориси, фронтдаги энг хавфли ҳудудларни айтган Зеленский ва ерларни вақтинча йўқотиш «фожиа эмас»лигини билдирган Украина Хавфсизлик кенгаши

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 6 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «The Japan Times»

Ғарбий Украинада ҳарбий асирлар учун махсус лагер ташкил этилди

Украина адлия вазири Денис Малюська Украина ғарбида алмашиш эҳтимоли йўқ бўлган ҳарбий асирлар учун махсус лагер ташкил этилганини маълум қилди.

«Биз Украина ғарбида ҳарбий асирлар учун махсус лагер яратдик, у ерда ўша ҳарбий асирлар сақланади, улар учун алмашиш бўйича умид кам. Эндигина асирга олинган ёки алмаштирилиши режалаштирилган ҳарбий асирларга келсак, улар деярли бутун Украина ҳудуди бўйлаб бизнинг бошқа муассасаларимизга тарқатилган», — дейди Денис Малюска.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ билан тўғридан-тўғри кибертўқнашув бўлиш хавфини кўраётганини билдирди

«АҚШ демократияни ҳимоя қилиш шиорлари остида Россия ва унинг иттифоқчиларига қарши кибертажовуз уюштирди», — дея маълум қилди Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Андрей Крутских «Коммерсант»нинг икки давлат ўртасидаги киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни қайта тиклаш имконияти ҳақидаги саволига жавобан.

«Қўшма Штатлар Зеленский режими ва у яратган IT армиядан мамлакатимизга қарши компьютер ҳужумларини амалга ошириш учун ҳужумчи сифатида фойдаланмоқда», — деган у.

ТИВ баёнотига кўра, Россияда, шунингдек, муҳим инфратузилмага ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳужумлар доимий равишда ортиб бормоқда.

Украина Хавфсизлик Кенгаши: «Ҳудудларни вақтинча йўқотиш фожиа эмас»

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов Россия қўшинларининг мамлакат шарқида олдинга силжигани ва Украина раҳбарияти томонидан бир қатор ҳудудлар устидан назоратни вақтинча йўқотгани «фожиа эмас»лигини айтди. Унинг фикрича, «мамлакатни йўқотиш» фожиага айланиши мумкин.

«Афсуски, бугунги кунда бизга зудлик билан зарур бўлган қурол-яроғлар етарли эмаслигини ҳисобга олиб, ҳозир адекват жавоб бера олмаймиз», — дейди Данилов «Financial Times»газетасига берган интервюсида Россия армиясининг артиллерия борасидаги устунлиги ҳақидаги маълумотни изоҳлар экан.

Зеленский фронтдаги энг хавфли ҳудудларни маълум қилди

Украина президенти Владимир Зеленский фронтнинг энг хавфли вазият кузатилаётган икки йўналишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу Запорожье ва Северодонецк йўналишлари ҳисобланади.

Президентнинг таъкидлашича, Запорожье вилоятида Россия марказни қўлга киритишни режалаштирмоқда. «Северодонецк йўналишида Украина вазиятни ушлаб турибди. Улар кўпроқ, улар кучлироқ, аммо бизда ҳужумни ушлаб туриш имконияти бор. Северодонецкда ҳозир 10–15 фоиз (маҳаллий аҳоли) қолган. Лисичанскда ҳам худди шундай вазият», — дейди Зеленский.

Харков йўналишида, давлат раҳбарининг сўзларига кўра, вазият «ижобийроқ», чунки украиналик ҳарбийлар у ердаги аҳоли пунктларини босқичма-босқич озод қилмоқда.

Путин ўзининг вориси этиб кимни тайинлаши ва қизига қандай лавозимни «бериши» маълум бўлди

Россия президенти Путиннинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги миш-мишлар фонида у кимни ўзининг эҳтимолий вориси этиб тайинлаши маълум бўлди. Қайд этилишича, давлат раҳбари бу лавозимни қизларидан бирига «беришга» тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда «Generall SVR» Telegram каналига асосланиб, «УНИАН» хабар берди.

Bugun — LIVE