Жаҳон - 19:05 · 06.06.2022

Қирғизистонда 100 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба ўқишдан ҳайдалди

Қирғизистонда ўзбекистонлик 100 дан ортиқ талаба Жалолобод давлат университетидан ҳайдалди. Бу ҳақда «24.kg» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Бу маълумотни мамлакат Халқ таълими вазирлиги тасдиқлаган. Ўзбекистоннинг мамлакатдаги элчихонаси бу борада Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига тегишли хат билан мурожаат қилган.

«Университет низомига кўра, талабалар ўқув режасида кўзда тутилган барча турдаги машғулотларга мажбурий қатнашиши шарт. Мактубда номлари кўрсатилган ўқувчилар дарсга мунтазам қатнашмагани учун четлаштирилган. Улар қайта-қайта огоҳлантиришга қарамай, ўқишга келмади.

Талабалар университетдан ҳайдалгандан кейингина Ўзбекистон ва Қирғизистондаги турли тиббиёт муассасаларидан маълумотномалар олиб келган. Аммо унда касаллик вақти кўрсатилмаган ёки касаллик вақти ўтказиб юборилган дарс кунларига тўғри келмайди, шунингдек, сертификатларда саналарга ўзгартириш киритилгани аниқланган», дейилади хабарда.

Таълим вазирлигининг таъкидлашича, кўпчилик ўқувчиларнинг ташхиси бир хил ва асоссиз узоқ муддат дарслардан озод қилинган. Кўпчилик сертификатларни рўйхатга олиш рақамларисиз топширган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб сотган ўзбекистонлик эркак қўлга олинганди.

Bugun — LIVE