Андижон, Жамият - 12:15 · 07.06.2022

Андижонда ОИТСга чалинганини била туриб, уни бир неча аёлга юқтирган эркак қамалди

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида ОИТСга чалинган, 2020 йилдан бери диспансер назоратига олинган эркак касалликни бир неча аёлга юқтиргани учун қамалди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Коллаж: Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, С.М. Андижон вилояти ОИТСга қарши курашиш марказида 2020 йилнинг март ойида диспансер назоратига олинган бўлиб, ўзида таносил касаллиги борлигини била туриб, бу касални бошқа шахсга юқтириш Жиноят кодексининг 113-моддаси (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) билан жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Мазкур огоҳлантиришларга қарамасдан, фуқаро С.М. аёллар — Бўстон туманида яшовчи М.Д, Шаҳрихон туманида яшовчи Ю.Ш. билан бир неча бор бетартиб жинсий алоқада бўлиб, ОИВ инфекциясини юқтирган.

Шунингдек, Булоқбоши туманида яшовчи Р.Н. билан ҳам бир неча бор бетартиб жинсий алоқада бўлиб, уни ОИВ инфекциясини юқтириш хавфи остида қолдирган.

Ҳолат юзасидан Шаҳрихон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан С.М.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода фоҳиша аёл 40 эркакка ОИТС юқтиргани хабар қилинганди. Бундан ташқари, Бухорода ОИВ инфекциясини била туриб ўзгага юқтирган бошқа бир аёлга чора кўрилган.

Bugun — LIVE