Жаҳон - 23:56 · 07.06.2022

Макронга кескин жавоб қайтарган Зеленский, ҳибсга олинадиган Абрамовичнинг самолётлари ва Украинага қурол етказиб бериш борасидаги энг йирик шартнома

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 7 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Taiwan News»

Песков Украина билан янги келишув устида иш бошлангани ҳақидаги маълумотларни рад этди

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «Известия» газетасида эълон қилинган Украина билан янги келишувда Россия Херсон ва Запорожье вилоятларининг, шунингдек, Қрим ва Донбасснинг мақоми муҳокама қилинмаслиги ҳақидаги маълумотни рад этди.

Брифинг давомида журналистлар Россия президенти матбуот котибидан Украина билан янги шартнома борасида гаплашилаётгани ҳақида сўраган ва «Известия»нинг ёзишича, янги ҳужжатда Россия Украина билан нафақат Қрим ва Донбасс, балки Херсон ва Запорожье вилоятларининг ҳам мақомини муҳокама қилмаслиги баён этилганини айтган. Дмитрий Песков ушбу саволга «Буларнинг барчаси нотўғри», — деб жавоб берган.

Шойгу: «Украиналик ҳарбий асирларнинг умумий сони 6489 кишига етди»

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг айтишича, жами 6489 нафар украиналик аскарлар Россияга таслим бўлган. Бунгача Донецк Халқ кенгаши жиноий ва маъмурий қонунчилик қўмитаси раиси Елена Шишкина Донецк ва Луганск ҳудудида асирга олинган 8 мингга яқин украиналик аскарлар борлигини маълум қилган.

«Беш кун ичида Украина қуролли кучларининг 126 нафар ҳарбий хизматчиси таслим бўлди, уларнинг умумий сони 6489 кишини ташкил этмоқда», — дейди Шойгу.

Польша Украинага қурол етказиб бериш бўйича охирги 30 йил ичидаги энг йирик шартномани эълон қилди

Польша расмийлари Украинага қурол етказиб бериш бўйича сўнгги 30 йилдаги энг йирик шартномани имзолайди. Шартноманинг умумий қиймати 628 миллион долларни ташкил қилади. Бу ҳақда Польша миллий мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Twitter’да хабар берди.

Польша бош вазири Матеуш Моравецкининг сўзларига кўра, бу қурол фронтда зарур ҳисобланади.

«Украинага қурол етказиб бериш бўйича сўнгги ўттиз йилликдаги энг йирик қурол-яроғ шартномаларидан бирини имзолаяпмиз. Бу қуроллар яхши синовдан ўтган ва бугун улар жанг майдони муҳим бўлишини биламиз», — дейди сиёсатчи.

Зеленский «Россияни камситмасликка» чақирган Макронга кескин жавоб қайтарди

Владимир Зеленский Франция президенти Эммануэль Макроннинг Россияни камситмасликни сўраган сўзларига жавоб қайтарди. 

«Россия қандай ҳолатда камситилаётганини тушунмаяпман. Қандай Россия? Биз нима ҳақида гапиряпмиз? Шунча йил ичида, 8 йилдан ортиқ вақт давомида халқимизни ўлдираётгани борасидами. Биз нима ҳақида гапиряпмиз? Эммануэль жараённи чуқур билади, у ‘Норманд тўртлигиʼ етакчиларидан бири, у Минск ҳужжати тафсилотларини, ‘Норманд тўртлигиʼ доирасида Россия томони билан тузилган барча келишувлар ҳақида ҳаммасини билади», — дейди Зеленский.

Давлат раҳбарининг қўшимча қилишича, у Украина ҳам камситиляпти деб ўйламайди, чунки бу заиф позиция. «Бизни ҳеч ким камситмаяпти, бизни ўлдиришяпти. Шунинг учун бунинг эвазига ҳеч кимни камситмоқчи эмасмиз, худди шу восита билан жавоб берамиз», — дейди Зеленский.

АҚШ олигарх Роман Абрамовичнинг самолётларини ҳибсга олишга ордер берди

Нью-Йоркда судья россиялик олигарх Роман Абрамовичга тегишли ва унинг назорати остидаги Boeing  787-8 ва Gulfstream G650ER самолётларини ҳибсга олиш учун ордер берди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги хабар берди. Қайд этилишича, самолётларнинг умумий қиймати 400 миллион доллардан ошади.

Bugun — LIVE