Жаҳон - 6:35 · 07.06.2022

NATO Болтиқбўйи мамлакатларида ҳаво кучлари машғулотларини бошлади

Болтиқбўйи давлатларининг ҳаво ҳудудида 6 июнь, душанба куни NATO ҳаво кучларининг «Ramstein Alloy 22-2» машқлари бошланди. Бу ҳақда Эстония мудофаа кучлари хабар берди.

Фото: «UK Defence Journal»

Унда ҳамкор давлатлар —Финляндия ва Швеция ҳам иштирок этмоқда. «Йилига уч марта ўтказиладиган машғулотлардан асосий мақсад Болтиқбўйи мамлакатлари ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш, алоқа ва назорат тартиб-қоидаларини амалга оширишдан иборат», дейилади хабарда.

Машқлар давомида ҳаво кемаларини кузатиб бориш, ҳаво нишонларини аниқлаш, қидирув-қутқарув ишларини олиб бориш, шу жумладан, алоқа узилиши ҳолатларида ҳаракатлар ишлаб чиқилади.

Машғулотларда Эстониядаги Эмари ва Литванинг Шауляи ҳаво базаларида жойлашган француз ва испан қирувчиларидан ташқари Финляндия, Германия, Швеция, Буюк Британия ва Туркиядан жами 10 та самолёт қатнашмоқда. Эстония ҳаво ҳудудида фаол авиация тадбирлари 6–9 июнь кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача амалга оширилади.

«Ramstein Alloy» туркумидаги машғулотлар 2008 йилда бошланган бўлиб, асосий эътибор Болтиқбўйи мамлакатларидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа машқлари, шунингдек, NATO иттифоқчилари ва ҳамкор давлатлар ўртасидаги ҳамкорликка қаратилган. Унда 14 давлат иштирок этмоқда. У NATO ҳарбий-денгиз кучларининг Baltops 22 машқларига параллел равишда амалга оширилмоқда. Машғулотда Швеция ва Финляндия ҳам қатнашмоқда, маневрга 45 та кема, 75 дан ортиқ самолёт ва 7000 га яқин ҳарбий жалб қилинган.

Аввалроқ NATO Украинадаги уруш қандай ҳолатда тугашини маълум қилганди. Шунингдек, NATO бош котиби узоқ урушга тайёр бўлишга чақирганди.

Bugun — LIVE