Жамият, Самарқанд - 18:13 · 07.06.2022

Самарқандда иккита ёнма-ён бинода ёнғин чиқди — видео

Самарқанд шаҳридаги марказий кўчада 7 июнь куни ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Қайд этилишича, Фаровонлик маҳалласи Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган «Вербатим» МЧЖ ва «Бахт» МЧЖ биносида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида вилоят ФВБга хабар келиб тушган.

Шунга кўра, 8 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 14:03 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 14:30 да қуршаб олинган ва соат 16:20 да бартараф этилган.

Шунингдек, ёнғинга вилоят Ободонлаштириш бошқармасининг техникалари ҳам жалб этилган. Ёнғин оқибатида бинонинг тахминан 200 кв.м. майдонда томи ва шифт қисми ёниб зарарланган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш холатлари қайд этилмади. Ҳозирда ёнғинни келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 6 июн куни «Райҳон» миллий таомлар биносида ёнғин содир бўлганди.

Bugun — LIVE