Сиёсат - 17:17 · 07.06.2022

Шавкат Мирзиёев айрим туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан берди

Шавкат Мирзиёев 7 июнь куни хизматлар кўрсатишни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, йиғилишда тадбиркорлар хизматлар соҳасида асосан 3 та масала – ер, бино ва инфратузилма билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётгани кўрсатиб ўтилган.

Сўнгги икки ойда 23 мингдан зиёд ер майдонлари савдога чиқарилди, шундан 12 мингтаси ёки 60 фоизи хизмат кўрсатиш жойларини ташкил этиш учун қўйилган. Бунда, 63 та туман ва шаҳарда ауционга қўйилган ер участкаларининг сони 100 тадан кўп бўлса, 27 та туманда 10 тага ҳам етмайди.

Мисол учун, Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон, Хива, Урганч шаҳарлари, Тошкент, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманларида савдога қўйилган ерлар сони 10 тадан ошмайди.

Шу боис, фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари, Тошкент, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманлари ҳокимларига нисбатан охирги маротаба ҳайфсан бериш, ушбу туман ва шаҳар ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарларини лавозимидан озод этишга кўрсатма берилган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 11 март куни саноат кооперасиясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида қатор ташкилот раҳбарларига ҳайфсан ва қатъий огоҳлантириш берганди.

Bugun — LIVE