Жамият, Тошкент ш. - 16:11 · 07.06.2022

Тошкентда талаба қизни зўрлаганликда айбланган «замдекан»га суд ҳукми ўқилди

Тошкентда 18 октябрь куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети декан ўринбосари талаба қизга зўрлик ишлатиб, деразадан итариб юборгани хабар қилинганди. Тошкент шаҳар суди матбуот хизматининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, 7 июнь куни, ушбу ҳолат юзасидан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни ўз ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг октябрь ойида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Профессионал таълим факультети биносидаги воқеа бўйича жиноят иши юзасидан 2022 йил 7 апрель куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 118- моддаси (Номусга тегиш)  1-қисми ва 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш)  1-қисми билан айбланган Б. Ю.га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланган.

Ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (Судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) 1-қисмига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўрилиши маълум қилинган. Кейинчалик, 2022 йил 7 июнь куни, судланувчи Б. Ю.га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни ўз ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинган.

Таъкидланишича, мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси Т. Касимов раислигида кўриб чиқилган. Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Б. Ю. Жиноят кодексининг 25, 118-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (Реабилитация учун ассолар) 2-бандига асосан реабилитация қилинган.

Бундан ташқари, Б. Ю. Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазо манзил-колонияларда ўтаттирилиши белгиланган.

Шунингдек манфаатдор шахсларга мулкий ундирув масаласида фуқаролик суд иш юритуви тартибида мурожаат қилиш лозимлиги тушунтирилган. Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчи, жабрланувчи ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилган.

Эслатиб ўтамиз, 18 октябрь куни 1984 йилда туғилган Ю.Б. ўз хонасида 2001 йилда туғилган К.М.нинг номусига тегмоқчи бўлгани хабар қилинганди. Бироқ у жиноий қилмишини охирига етказа олмаган. Сўнг жиноятини яшириш мақсадида К.М.ни деразадан пастга итариб юборган.

Ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) ва 105-модда (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, Ю.Б.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланганди.

Соқғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланувчига кататравма, қўшма жароҳат, ўнг ўтиргич ва қов суякларининг синиб силжиши, қуймуч суягининг ўнг томонда синиб қониқарли туриши, бешинчи бел умуртқаси ён ўсиғининг синиб қониқарли туриши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона соҳаси эзилиб йиртилган жароҳати, травматик шок иккинчи даражаси ташхислари қўйилганини маълум қилганди.

Олий таълим вазирлиги мазкур иш юзасидан муносабат билдириб, ўрганиш натижалари бўйича жиноятда гумонланувчи университет масъул ходими қонуний жазога тортилиши, шунингдек, бу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан қатъий ташкилий ва интизомий чора кўрилишини таъкидлаган.

Bugun — LIVE