19:14 | 08.06.22 108

АҚШ Шимолий Кореянинг ядровий синови юзасидан таҳдид қилди

Пхеньян яқин орада бомба синовини ўтказиши прогноз қилинган

Америка Қўшма Штатлари Шимолий Кореянинг ядровий синовига кескин жавоб беришини маълум қилди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «KCNA»

АҚШ давлат котиби ўринбосари Венди Шерман агар КХДР ядровий синов ўтказса, АҚШ, Жанубий Корея ва бутун дунё томонидан жиддий ва кескин жавоб қайтарилишини айтган.

«Ҳар қандай ядровий синов БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини тўлиқ бузади, бундай синовга тезкор ва қатъий жавоб берилади. Мен ишонаманки, нафақат Корея, АҚШ ва Япония, балки бутун дунё қатъий ва аниқ жавоб қайтаради», — деган у.

Таъкидланишича, АҚШ ва Жанубий Корея ҳукумати расмийлари ва Шимолий Корея экспертлари бир неча ҳафта давомида КХДРнинг Пунгье-ридаги ягона ядровий полигонида янги қурилиш ишларини кўраётганини ва Пхеньян яқин орада бомба синовини ўтказиши мумкинлигини айтган.

Бундан ташқари, Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Рафаэль Гросси Йонбене ядро иншоотида ҳам қурилиш ишлари олиб борилаётганини қайд этган. Маълумт ўрнида, КХДР 2017 йилдан бери ядровий бомбаларни синовдан ўтказмаган.