Жамият, Жаҳон - 21:00 · 08.06.2022

Бугун оқшоми. «Ўзгидромет»нинг хатоси, ёниб кетган 57 кишилик автобус ва фарзанд кўришга чеклов ўрнатилиши бўйича (ёлғон) хабар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

«Салкам 24 фоизли хато»: «Ўзгидромет» Тошкент шаҳрининг яшиллик даражаси бўйича берган маълумотида хатолик борлигини маълум қилди.

«Ўзгидромет» бош директори ўринбосари И.А.Каримов (ҳайбатли исм-фамилия-а?) 7 июнь куни Тошкент шаҳрида яшиллик даражаси 3 фоизни ташкил этиши ҳақида маълумот берганди. Хизмат бу маълумот хато экани, аслида кўрсаткич 26,8 фоиз эканини билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Ташкилот томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида директор ўринбосари пойтахтда яшиллик даражаси 3 фоизни ташкил этишини айтган, аммо «Ўзгидромет» бу маълумотда техник хатолик бўлганини маълум қилган — Тошкентдаги яшиллик даражаси 26,8 фоиз. Ўринбосар Каримов салкам 24 фоизга адашган (яъни, техник носозлик, Россия Украинага қарши уруш очган бир пайтда кўп нарса ўз номи билан аталмаяптику?!).

«Бугунги кунда шаҳарнинг яшиллилик даражаси 26,8 фоизни ташкил этади. Келтирилган ноқулайликлар учун жамоатчиликдан узр сўраймиз», дейилган хабарда. Бу узр ўринбосарнинг хатоси учун сўралган. Яшил ҳудуднинг камлиги учун эса бошқалар узр сўраши керак (агар наф бўлса).

Андижон шаҳри ҳокими ортидан вилоят Халқ таълими бошқармаси раҳбари ҳам қамоққа олинди. Улар 48 миллиард сўм бюджет пулини талон-торож қилганликда гумонланмоқда.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси раҳбари Азиз Миркомилов (раҳбарликка 2020 йилнинг 15 февралида келган) бюджет маблағини талон-торож қилганликда гумонланиб, терговга жалб қилинган. Бошқарма матбуот котибининг «Bugun.uz»га билдиришича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Иш якуни бўйича тез орада расмий маълумот берилади.

Маълумот учун, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йил ноябрь ойига қадар бир гуруҳ шахслар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, UZASBO дастурий мажмуасига уланган буюртмачиларнинг ойлик иш ҳақлари ҳамда бошқа тўловлари бўйича сўровномалари ва тўлов топшириқномаларини сохталаштирган ҳолда тўловга тақдим қилиб, 48,5 миллиард сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Андижонда ростан ғалати ишлар бўляпти (агар улар ҳақиқатда айбдор бўлса, зўр ишлар бўляпти!). Бу ишларнинг ажойиблиги шундаки, у ерда тўғридан-тўғри раҳбарлар қўлга олинмоқда, ўринбосарлари эмас (балки Андижон учун нормал ҳолатдир, бунга Twitter фойдаланувчилари эътибор қаратди).

Қорақалпоғистонда ичида 57 киши бўлган автобус ёниб кетди. Ёнғин бир соатда ўчирилганига қарамасдан (ҳайриятки), ҳеч ким зарарланмаган ва вафот этмаган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида 8 июнь куни ичида 57 киши бўлган автобусда ёнғин содир бўлди. Тошкентдан Нукусга кетаётган автобус ичида 55 нафар йўловчи ва 2 ҳайдовчи бўлган. Ҳодиса соат 03:14 атрофида туманнинг Оқ қамиш ОФЙ ҳудудида содир бўлган.

Воқеа жойига иккита қутқарув экипажи етиб келиб, ёнғинни 04:15 да (бир соатдан кейин) бартараф этган. Ёнғин электр симларининг қисқа туташуви натижасида содир бўлганлиги тахмин қилинмоқда. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Ўзбекистонда оилаларга 2 тадан ортиқ фарзанд кўриш тақиқланиши ҳақида хабар тарқалди. У рад этилди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистон фуқароларига 2023 йилдан бошлаб 2 нафардан зиёд фарзанд кўришга чеклов ўрнатилаётгани ҳамда ушбу чекловга амал қилмаган шахслар жаримага тортилиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Сохта ахборотларга раддиялар учун расмий манба ушбу хабарларнинг ёлғон эканини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқлар ҳамда Telegram мессенжеридаги гуруҳларда бу тартиб Олий Мажлис Сенати томонидан маъқуллангани айтилган. Шунингдек, жарима миқдори БҲМнинг 80 бараваридан 120 бараваригача экани қайд этилган. У ерда айтилган «чеклов»га амал қилмаслик эмас, ушбу хабарни тарқатганлик учун жавобгарлик бор.

Қозоғистон ун ва буғдой экспортига қўйилган чекловни узайтирмоқчи. Бунинг ортидан Ўзбекистонда ун нархи ошиб кетганди.

Фото: «Bugun.uz»

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги буғдой ва ун экспорти учун квотани 1 сентябргача узайтирмоқчи. Вазир Ербол Карашукеев 15 июнга қадар республикада буғдой экспорти учун 1 миллион тонна ва ун экспорти учун 300 минг тонна квота белгиланганини эслатиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон молия вазирлиги вакили ҳозирда бозорда нархлар ўзининг энг юқори нуқтасига чиқди, аммо бу вақтинчалик ҳолат экани, мамлакатда ун нархининг сезиларли даражада кўтарилишига Қозоғистондан импорт қилинаётган ун ва буғдой нархи ошгани (у ерда буларнинг экспортига чеклов ўрнатилган) ва Россия–Украина зиддиятини сабаб қилиб кўрсатган.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Ўзбекистонда ёшларга хорижий тилларни ўрганиши учун субсидия берилади — батафсил;
  • Тошкентда қўпорувчилик содир этишга уринган террор гуруҳ аъзолари ушланди;

Хўш, оламда нима гап?

Садир Жапаров Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қанча даромад келтиришини айтди. Темир йўлдан тушадиган даромад «Қумтор» олтин кони ва «Қамбар-Ота 1» ГЭСидан кам бўлмайди.

Қирғизистон раҳбари Тўқтўғул тумани аҳолиси билан учрашувда бу бўйича гапирган.

«Ҳозирда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда. Агар бу жараён кузга қадар якунланса, 2023 йил йўл қурилиши бошланади. Агар уч давлат ҳамкорликда ишласа, бу йўл 3-4 йилда қуриб битказилади. Даромад эса «Қамбар-Ота-1» ва «Қумтор»дан кам бўлмайди, камида 200 миллион долларни ташкил этади», — деган Садир Жапаров.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE