Жамият, Тошкент ш. - 15:05 · 08.06.2022

«Ўзгидромет» Тошкент шаҳрининг яшиллик даражаси бўйича берган маълумотида хатолик борлигини маълум қилди

«Ўзгидромет» бош директори ўринбосари И.А.Каримов 7 июнь куни Тошкент шаҳрида яшиллик даражаси 3 фоизни ташкил этиши ҳақида маълумот берганди. Хизмат бу маълумот хато экани, аслида кўрсаткич 26,8 фоиз эканини билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, «Ўзгидромет» томонидан «Республикамиз ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинг натижалари ҳолати» бўйича матбуот анжуманида бош директор ўринбосари томонидан берилган маълумотлар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан ахборот хизмати мутахассислар томонидан Тошкент шаҳрининг яшиллик қисми бўйича тайёрланган маълумотда техник хатоликка йўл қўйилгани туфайли ахборот берилаётганда камчиликка йўл қўйилганини маълум қилди.

«Бугунги кунда шаҳарнинг яшиллилик даражаси 26,8 фоизни ташкил этади. Келтирилган ноқулайликлар учун жамоатчиликдан узр сўраймиз», дейилган хабарда.

Аввалроқ «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида «Яшил Тошкент» экологик байрами ўтказилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда Глобал яшил ўсиш институти очилгани маълум қилинган.

Bugun — LIVE