Жаҳон - 14:18 · 08.06.2022

Қозоғистонда Конституцияга киритилган ўзгартиришлар кучга кирди

Қозоғистон Конституциясига 5 июнь куни ўтказилган референдумда мамлакат фуқаролари томонидан қўллаб-қувватланган ўзгартириш ва қўшимчалар кучга кирди. Бу ҳақда «Казахстанская правда» хабар берди.

Фото: «kzkazan.ru»

Сайлов комиссияси маълумотига кўра, ўзгартиришларни сайловчиларнинг 77,18 фоизи қўллаб-қувватлаган. МСК раиси Нурлан Абдиров қабул қилинган ўзгартиришлар референдум якунлари бўйича расмий ҳисобот эълон қилинган кундан эътиборан кучга киришини айтган.

«2022 йил 5 июнь куни республика референдумига киритилган ‘Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида’ги қонуни қабул қилинган ҳисобланади, чунки унда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпи овоз берди», дейилади расмий ҳисоботда.

Тузатишлар «супер президентлик» бошқарув шаклидан президентлик республикасига якуний ўтишни мустаҳкамлашга қаратилган. Бундан ташқари, давлат раҳбарининг президентлик даврида сиёсий партияларга аъзо бўлиши тақиқланади. Тузатишлар, шунингдек, давлат раҳбарининг яқин қариндошларининг давлат лавозимларини эгаллашини ҳам тақиқлайди.

Аввалроқ Тўқаев икки муддатдан ортиққа сайланмаслигини маълум қилганди. Шунингдек, Туркманистон президенти Конституцияни ўзгартириш зарурлигини эълон қилганди.

Bugun — LIVE