Жаҳон - 17:24 · 08.06.2022

Садир Жапаров Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қанча даромад келтиришини айтди

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлидан тушадиган даромад «Қумтор» олтин кони ва «Қамбар-Ота 1» ГЕСидан кам бўлмайди. Бу ҳақда президент Садир Жапаровга таяниб, «Sputnik Қирғизистон» хабар берди.

Фото: «vesti.kg»

Қирғизистон раҳбари Тўқтўғул тумани аҳолиси билан учрашувда бу бўйича гапирган.

«Ҳозирда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда. Агар бу жараён кузга қадар якунланса, 2023 йил йўл қурилиши бошланади. Агар уч давлат ҳамкорликда ишласа, бу йўл 3-4 йилда қуриб битказилади. Даромад эса «Қамбар-Ота-1» ва «Қумтор»дан кам бўлмайди, камида 200 миллион долларни ташкил этади», — дейди Садир Жапаров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон президенти Россия раҳбари Владимир Путин Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой темирйўли қурилишига қарши чиққани ҳақидаги хабарга муносабат билдирганди. Жапаров шу тариқа 20 йилдан бери бу лойиҳа нега амалга ошмаганига жавоб берган.

Bugun — LIVE