Жамият - 22:38 · 08.06.2022

Шавкат Мирзиёев Сурхондарёда ичимлик суви таъминотини яхшилашга оид тақдимот билан танишди

Шавкат Мирзиёев 8 июнь куни сув омборларини модернизация қилиш ҳамда Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳаларига оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Дарё ва сойлар суви ҳам қишлоқ хўжалиги, ҳам энергетика, ҳам аҳоли турмуши учун муҳим манба. Мамлакатда бу қимматли неъмат асраб-авайланиб, халқ манфаатига йўналтирилмоқда.

Шу мақсадда 2017 йилда Президент фармони билан «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ташкил этилган. 2021 йилда яна 4 та сув омбори ушбу жамият бошқарувига ўтказилган ва улар 6 тага етган. Хорижий компанияларни жалб этган ҳолда ҳар бир сув омборининг техник ҳолати ўрганиб чиқилган ва кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш тадбирлари белгиланган. Унга мувофиқ, тўғонлар, сув олиш ва чиқариш иншоотлари таъмирланмоқда, насос агрегатлари тикланмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда ушбу ишлар ва олдиндаги вазифалар ҳақида ахборот берилган. Давлат раҳбари барча сув омборларини модернизация қилиш орқали хавфсизлигини ошириш, гидромеханик ускуналар ва ўлчов қурилмаларини янгилаб, тизимни рақамлаштириш бўйича кўрсатмалар берган.

Бу орқали ҳамма иш жараёни акциядорлик жамиятининг ситуацион-таҳлил марказига онлайн уланади ҳамда йилига қўшимча 120 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бундан ташқари, Ҳисорак ва Оҳангарон сув омборларида йиллик 22 миллион киловатт соат қувватли 2 та янги кичик ГЭС қурилади. Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигига сув омборлари ҳолатини мониторинг қилиб, космик сурат ва маълумотлар билан таъминлаш топширилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кичик гидро электр станциялари қурилишига хусусий секторни жалб қилиш, олий маълумотли ва ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш вазифалари ҳам кўрсатиб ўтилган.

Аҳолининг ҳаёт сифати ва саломатлиги омилларидан бири — тоза ичимлик суви. Лекин бугунги кунда Сурхондарё аҳлининг атиги 58 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, холос. Вилоятнинг жанубий туманлари ва Термиз шаҳрида сув минерализацияси миқдори юқори.

Шу боис Президент 2021 йили Тўпаланг сув омборидан тармоқ тортиш ташаббусини илгари сурган. Бу бўйича лойиҳа ишлаб чиқилиб, ишга киришилган. Бугунгача 47 километр қувур тортилиб, ичимлик суви Сариосиё марказигача олиб борилган. Йил якунигача Денов ва Шўрчи туманларига етказиш режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, бир кеча-кундузда 200 минг куб метр сув тозалаш иншооти, қарийб 400 километр магистрал қувур тортилади. Натижада ҳудуд аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш 90 фоизга етади. Давлат раҳбари бунинг учун туман ва маҳаллалар ичидаги қувурларни ҳам тиклаш, янги тармоқлар қуриш ва сифатли хизматни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидланган.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни геология соҳасини янада ривожлантириш, фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишганди.

Bugun — LIVE