Жаҳон - 8:05 · 08.06.2022

Хитой яширинча Камбожада ҳарбий база қурмоқда

Хитой Камбожада яширин тарзда ҳарбий-денгиз базаси қуришга киришди. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, ҳар икки давлат бу маълумотни кескин рад этган ва ҳақиқатни яшириш учун чоралар кўрмоқда. Бу Хитойнинг бошқа давлатдаги иккинчи, Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги биринчи ҳарбий объекти ҳисобланади. Пекиннинг биринчи хорижий базаси Шарқий Африкадаги Жибутида қурилган.

Бундай иншоотларнинг жойлашиши, ғарб экспертларининг фикрича, Хитойнинг минтақадаги таъсирини ва мамлакатнинг асосий денгиз йўллари яқинида бўлишини оширади.

«Бизнинг тахминимизча, Ҳинд-Тинч океани минтақаси Хитой раҳбарлари учун муҳимдир. Улар ҳудудни Хитойнинг қонуний ва тарихий таъсир доираси деб билади», дейилади хабарда.

Хитой расмийларидан бири базадан Пекин томони фойдаланишини тасдиқлаган. Аммо у бутун объектни эмас, балки фақат бир қисмини назоратга олишини айтган. Ҳарбий базага пойдевор қўйиш маросими 9 июнь, пайшанба куни бўлиб ўтиши режалаштирилган. Камбожанинг АҚШдаги элчихонаси иншоот мамлакат денгиз кучлари салоҳиятини мустаҳкамлаш ва денгизда жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида қурилаётганини таъкидлаган.

Фото: «The Washington Post»
Фото: «The Washington Post»

Аввалроқ Хитой кенг кўламли ҳарбий машғулотларни бошлагани ва Хитойнинг 30 та ҳарбий самолёти Тайваннинг мудофаа зонасига киргани маълум қилинганди.

Bugun — LIVE