Жаҳон - 11:25 · 08.06.2022

Хитойда аҳоли сони 60 йил ичида кескин қисқарди

Хитойда мамлакат аҳолиси 1959–1961 йиллардаги катта очарчиликдан кейин биринчи марта камайиб бормоқда. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Фото: «CNN»

Мамлакат дунё аҳолисининг 6 дан бир қисмидан кўпроғини ташкил қилади, 40 йил ичида Хитой аҳолиси 660 миллиондан 1,4 миллиардгача ўсган. Хитой Миллий статистика бюросининг сўнгги маълумотига кўра, 2021 йилда мамлакат аҳолиси атиги 480 минг кишига кўпайган. 10 йил олдин эса йиллик ўсиш 8 миллионни ташкил қилган. Мамлакатда аёллар коронавирус ва яшаш нархининг ошиши сабабли фарзанд кўришни хоҳламаяпти. Яқин ўн йилликда қўшни Ҳиндистон аҳоли сони бўйича етакчига айланиши кутилмоқда.

Хитойда туғилиш даражаси қандай ўзгарган?

1980 йилларнинг охирида Хитойда туғилиш коэффициенти 2,6 ни ташкил этган. 1994 йилдан бери бу кўрсаткич 1,6–1,7 оралиғида бўлган. 2020 йилда эса 1,3 га, 2021 йилда эса 1,15 га тушган. Австралия ва АҚШда туғилишнинг умумий коэффициенти ҳар бир аёлга 1,6 ни, Японияда эса 1,3 ни ташкил қилади.

Хитойда туғилиш даражасининг пасайиши 2016 йилда бир бола сиёсатидан воз кечилганига қарамай, содир бўлган. Ҳукумат 2021 йили солиқ ва бошқа имтиёзларни ваъда қилиб, уч бола сиёсатини жорий қилган, аммо бу ҳам ёрдам бермаган.

Нима учун Хитойда аёллар фарзанд кўришни хоҳламайди?

Хитойлик аёлларнинг фарзанд кўришни истамаслиги ҳақида турли назариялар мавжуд. Улардан бири аҳолининг кичик оилалар бўлиш одати бўлса, иккинчиси яшаш нархининг кўтарилишидир. Баъзилар буни никоҳ ёшининг ошиши, фарзанд кўришнинг кечикиши, иштиёқнинг камайиши билан боғлиқ деб ўйлайди. Хитойда туғиш ёшидаги аёллар нисбатан кам. 1980 йилдан бери бир фарзанд сиёсати кўплаб жуфтликларнинг ўғил фарзанд кўришига туртки бўлган. Натижада туғилишдаги жинслар нисбати қуйидагича кўринади — 100 нафар қизга 106 нафар ўғил.

2021 йилдан кейин мамлакат аҳолиси ҳар йили 1,1 фоизга қисқармоқда. Шанхай Ижтимоий фанлар академияси олимлари 2100 йилга бориб Хитой аҳолиси 587 миллион кишигача қисқаришини прогноз қилган. Мутахассислар 2030 йилга бориб туғилишнинг умумий коэффициенти 1,15 дан 1,1 гача пасайиши ҳақида гапирмоқда ва бу даража 2100 йилгача давом этади.

Хитой иқтисодиёти

Туғилиш даражасининг кескин пасайиши Хитой иқтисодиётига катта таъсир кўрсатади. Мамлакатнинг меҳнатга лаёқатли аҳолиси 2014 йилда энг юқори чўққига чиққан. 2100 йилга келиб, у учдан бир қисмга қисқариши мумкин. Кекса аҳоли сони кўпаяди, 2080 йилга бориб у меҳнатга лаёқатли аҳоли сонидан ошади. Агар ҳозирда 100 нафар меҳнатга лаёқатли киши ҳар 20 нафар қарияни боқиш имкониятига эга бўлса, 2100 йилга келиб меҳнатга лаёқатли 100 нафар хитойлик 120 нафар нафақахўрни таъминлаши мумкин.

Меҳнат унумдорлигининг пасайиши иқтисодий ўсишнинг секинлашишига олиб келади. Арзон меҳнат талаб қиладиган ишлаб чиқариш Хитойдан ишчи кучи ортиқча бўлган мамлакатларга — Вьетнам, Бангладеш ва Ҳиндистонга ўтказилади. Тадқиқотчилар Пекинда ишчи кучи нархи Вьетнамникидан 2 баравар юқори эканини ҳисоблаб чиққан. Хитой соғлиқни сақлаш, тиббиёт ва қарияларга ғамхўрлик қилиш учун кўпроқ маблағ ажратишга мажбур бўлади.

Австралиядаги Виктория университети қошидаги Сиёсат тадқиқотлари марказидан олинган моделлаштириш шуни кўрсатадики, Хитойнинг пенсия тизимига ўзгартиришлар киритилмаса, нафақалар беш баравар кўпаяди, яъни 2020 йилдаги ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизидан 2100 йилда ЯИМнинг 20 фоизигача.

Австралия каби ресурсларни экспорт қилувчи давлатлар экспортни Хитойдан ташқаридаги ишлаб чиқарувчиларга йўналтириши мумкин. Демографик прогнозлар шуни кўрсатадики, қўшни Ҳиндистон яқин ўн йил ичида аҳоли сони бўйича Хитойдан ўзиб кетади.

Аввалроқ Японияда 122 йил ичида биринчи марта туғилиш кўрсаткичи рекорд даражада пастлаганди.

Bugun — LIVE