Алишер Усмонов ва рафиқаси нега ёпиқ тарзда ажрашаётгани айтилди
Миллиардернинг адвокати бу бўйича маълумот берди
Россиялик миллиардер Алишер Усмонов рафиқаси, бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоаси бош мураббийи Ирина Винер билан ажрашиши нима сабабдан ёпиқ тарзда ўтказилаётгани айтилди. Бу ҳақда олигархнинг адвокати Сергей Поповга таяниб, «СтарХит» хабар берди.

Жараёнда шахсий ҳужжатлар, жумладан, никоҳни бекор қилиш сабаблари, турмуш ўртоқларнинг яшаш жойлари ва бошқалар тўғрисидаги маълумотлар кўриб чиқилади.
«Бизнинг ишончли вакилимиз таниқли тадбиркор, нуфузли шахс, унинг рафиқаси эса таниқли мураббий, бу фактларни исботлаш шарт эмас. Улар муносабатларининг махфийлигини сақлаб қолган; никоҳдан кейин оммавий ахборот воситаларида никоҳ қандай давом этаётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмаган. Шахсий ҳаёт ҳақидаги маълумотларнинг тарқалиши бизнесга салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деган адвокат.
Москва судида тинч ажралиш жараёни давом этмоқда. Ундан кейин мулкни тақсимлаш билан боғлиқ жараён бўладими ёки йўқ номаълум. Алишер Усмонов ва Ирина Винер 50 йилга яқин бирга яшаб, шундан 30 йилида қонуний никоҳда бўлгандан кейин ажралишга қарор қилган. Ажрашиш ташаббускори 68 ёшли миллиардер Усмонов ҳисобланади. Турмуш ўртоқларнинг ҳеч бири бунинг сабабини изоҳламаган.
Аввалроқ Усмонов Буюк Британиядаги топ-10 миллиардер рўйхатидан чиқиб кетганди. Шунингдек, Усмонов йил бошидан буён қанча пул йўқотгани ҳисоблаб чиқилганди.