Андижон, Жамият - 13:17 · 09.06.2022

Андижон шаҳри ҳокими ҳибсдалигида унинг номидан ҳужжатлар имзоланди

Андижон шаҳри ҳокими Баҳром Ҳайдаров жиноят иши доирасида 6 июнь куни гумонланувчи тариқасида процессуал тартибда ушланганди. Вилоят Адлия бошқармаси ахборот хизмати ҳоким қамоқдалигида унинг номидан ҳужжатлар имзоланини маълум қилди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Қамоққа олинган ҳоким 6–7 июнь кунлари «E-qaror» электрон платформасида унинг имзоси орқали тасдиқланган 24 та ҳужжат жойлангани ҳақида хабарлар тарқалган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан вилоят Адлия бошқармаси томонидан қабул қилинган қарор ва фармойишларнинг қонунийлиги жойига чиқиб ўрганилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, 6 июнь куни Андижон шаҳри ҳокими жиноят иши юзасидан ушланган бўлиб, унга суд ажримига кўра қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ўрганиш давомида 6 июнь куни соат 9:43 ва 21:18 оралиғида ҳамда 7 июнь куни соат 18:10 ва 21:07 оралиғида ҳокимлик девонхонаси мудири С. Қодиржонов томонидан ҳокимга тегишли электрон рақамли имзодан фойдаланилган ва 26 та қарор ва фармойишлар имзоланган.

«Uzinfocom» МЧЖ мутахассислари томонидан ҳокимнинг электрон тизимидаги шахсий кабинети Адлия вазирлигининг кўрсатмасига асосан блокланган. Ушбу жараёнда ҳужжатларни соҳталаштириш эҳтимоли борлигини инобатга олиб, тегишли материаллар прокуратура органларига юборилади. Ҳар бир қабул қилинган қарорнинг қонунийлиги ўрганиб бўлмагунча уларни ижрога қаратиш мақсадга мувофиқ эмаслиги юзасидан тегишли ижрочи органларга хабарлар берилди. Ўрганиш якунлари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади.

Bugun — LIVE