Жамият, Жаҳон - 21:04 · 09.06.2022

Бугун оқшоми. Қамоқда туриб қарор «имзолаган» Андижон шаҳри ҳокими, пасайтирилган асосий ставка, Индонезияда ўзини машина тагига ташлаш TikTok челленжи

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Интернетдан машҳур бўлган «Андижонда шундай ҳокимларимиз бор экан, биз билмай юрган эканмиз» ибораси шунчалик универсалки, вилоят билан боғлиқ деярли барча хабарга мос тушаверади. Бу гап учун муаллифга ташаккуримизни изҳор этамиз. Универсал, машҳур, вилоятга мос ва хос бўлган ибора учун раҳмат! Дайжестимизнинг бу галги сонининг кириш қисмини «безаб турадиган» хабар ҳам айнан шунга мос.

«Андижонда шундай ҳокимларимиз бор экан, биз билмай юрган эканмиз»: Андижон шаҳри ҳокими Баҳром Ҳайдаров қамоқда ўтириб 24 та ҳужжат «имзолади».

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

6–7 июнь кунлари «Э-қарор» электрон платформасида 48 миллиард сўм бюджет (яъни, халқнинг, солиқ тўловчиларнинг) пулини талон-торож қилишда гумонланиб, процессуал тартибда ушланган (оддий қилиб айтганда, қамоқда ўтирган) Баҳром Ҳайдаров имзоси орқали тасдиқланган 26 та ҳужжат (23 қарор, 3 та фармойиш — улар билан мана бу ва мана бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин) жойланган. Уларнинг аксари ер участкаларини ажратиш бўйича аукцион натижаларини тасдиқлаш бўйича бўлган.

Қамоқдаги ҳокимнинг ўша ерда ўтириб «имзолаган» сўнгги қарори
Скриншот: «E-qaror»

Маълумки, шаҳар ҳокими 6 июнь куни жиноят иши юзасидан ушланган, унга суд ажримига кўра, қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ўрганиш давомида аниқланишича, 6 июнь куни соат 9:43 ва 21:18 оралиғида ҳамда 7 июнь куни соат 18:10 ва 21:07 оралиғида ҳокимлик девонхонаси мудири С. Қодиржонов томонидан ҳокимга тегишли электрон рақамли имзодан фойдаланилган ва 26 та қарор ва фармойишлар имзоланган.

Ҳозирда Адлия вазирлигининг кўрсатмасига асосан ҳоким Баҳром Ҳайдаровнинг электрон тизимидаги шахсий кабинети блокланган. Бундан ташқари, жараёнда ҳужжатларни соҳталаштириш эҳтимоли борлигини инобатга олиб, тегишли материаллар прокуратура органларига юборилади. Қарорлар тўлиқ ўрганиб чиқилмагунча уларни ижро этиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тегишли органларга айтилади.

Марказий банк асосий ставкани бир фоизга пасайтириб, 16 фоиз этиб белгилади.

Фото: «Bugun.uz»

Бугун, 9 июнь куни Марказий банк Бошқарувининг йиғилиши ўтказилди. Унда асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 16 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Маълумот учун, регулятор 17 март куни асосий ставкани 3 фоизга кўтариб, 17 фоиз этиб белгилаганди. Бу Россиянинг Украинага уруши, унинг ортидан Россияга қўлланган санкциялардан сўнг содир бўлган. Ҳозирга келиб, МБ қайта молиялаш ставкасини пасайтиришни бошлади, кўриб турганимиздек.

Даҳшат 2х: Тошкент вилоятида бир кунда 2 киши поезд уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди.

Воқеалар соат 06:30 ва 09:50 да содир бўлган. Ҳодисаларнинг бирида имконияти чекланган фуқаро, иккинчисида эса телефондан фойдаланиб кетаётган йигит ҳалок бўлган.

Фото: «Bugun.uz»

Термиз–Тошкент–Андижон йўналишидаги йўловчи поезди Жалойир–Кучлук темирйўл бекатлари оралиғида Ўрта Чирчиқ тумани тиббиёт бирлашмасида рўйхатда турувчи, 1-гуруҳ ногирони (қулоғида нуқсони бор) йигитни уриб юборган. Фуқаро ўз эҳтиётсизлиги ҳамда олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган.

Бундан ташқари, Бўзсув–Чирчиқ йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган электровоз Чирчиқдаги нонвойхонада ишчи бўлиб ишлаган, дўконларга нон олиб бориб бериш мақсадида велосипед ҳайдаб, қўл телефонидан фойдаланиб ўтиб кетаётган 20 ёшли йигитни уриб юборган. Ушбу фуқаро ҳам ўз эҳтиётсизлиги ҳамда олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ҳозирги вақтда юқорида қайд қилинган ҳолатлар юзасидан Тошкент транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Даҳшат, шунчаки даҳшат. Ўзингизни эҳтиёт қилинг — эҳтиётингизни ўзингиз қилинг.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Шавкат Мирзиёев Япония бош вазири билан телефон орқали гаплашди;
  • Наманган ва Фарғонада тадбиркорлар аҳолига ажратилган унни сотиб юборгани аниқланди;
  • «Ўзгидромет» сел келишидан огоҳлантирди — ҳудудлар билан танишиш(!)

Хўш, оламда нима гап?

Ўзбекистонда хоҳлаб ҳам ЙТҲдан қутилиб қолиш қийин, Индонезияда эса ўсмирлар TikTok челленжи сабабли ўзини машина остига ташламоқда.

Фото: «The Guardian»

2021 йилда мамлакатда TikTok фойдаланувчилари ўртасида «Ўлим фариштаси» челленжи пайдо бўлган. Унга кўра, ўсмирлар гавжум йўлга чиқиб, ўзини машина остига ташлайди ва шу тариқа машина тўхташига умид қилади. Бироқ бу ҳар доим ҳам улар кутганидай натижа бермайди.

Ҳолат юзасидан мамлакат расмийлари TikTok фойдаланувчиларини ижтимоий тармоқларда шон-шуҳратга эришиш учун ҳаётларини хавф остига қўядиган контент яратишни тўхтатишга чақирган. Бироқ огоҳлантириш индонезиялик мактаб ўқувчиларини тўхтата олмаяпти ва муаммо туфайли бахтсиз ҳодисалар мунтазам содир бўлмоқда.

Шу турдаги хабарларни ўқиб, «яхшиямки, бизда TikTok блокланган», дейишингиз мумкин, аммо ҳар қандай оғирқни ҳам чеклаб, блоклаб йўқотиб бўлмайди. Шу ҳолида ҳам (блокланганда ҳам) кўп фойдаланувчилар «дори» (VPN) билан тармоқдан фойдаланишда давом этмоқда. Хуллас, блоклаш — ечим эмас.

Нурсултон Назарбоевнинг яқин қариндошлари Конституцияга киритилган ўзгартиришлар кучга кирганидан кейин дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум бўлди.

Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон халқаро бюроси

Қозоғистон адлия вазири ўринбосари Алма Муканованинг сўзларига кўра, айловчиларнинг кўпчилиги ўзгартиришларни маъқуллаган референдумда Назарбоевнинг имтиёзларини назарда тутувчи «Биринчи Президент – Элбоши тўғрисида»ги қонун бекор қилинган. Ҳужжатда у билан бирга яшайдиган оила аъзолари учун кафолатлар ҳам кўрсатилган.

Муканованинг тушунтиришича, Назарбоевнинг ўзини жиноий жавобгарликка тортишнинг иложи йўқ, чунки «Президент тўғрисида»ги қонунда собиқ раҳбарлар президентлик даврида содир этилган қилмишлари учун жавобгарликка тортилмаслиги ҳақида қоида мавжуд.

«У сиёсий шахс бўлиб, давлат учун муҳим бўлган қарорларни қабул қилган»,— дейди Муканов.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE