Жаҳон - 23:02 · 09.06.2022

Ироқдаги АҚШ консуллиги дрон ҳужумига учради — видео

Ироқнинг ярим автоном Курдистон минтақаси шимолидаги Эрбил шаҳрида жойлашган Шорш маҳалласидаги АҚШ консуллигининг ҳарбий бўлими 8 июнь куни дрон томонидан ҳужумга учради. Бу ҳақда «Tasnim» хабар берди.

Фото: «Globa Echo»

Маълум қилинишича, дрон маҳаллий вақт билан 21:35 да АҚШ консуллиги яқинида уриб туширилган. Ҳужум оқибатида бир неча автомобиль зарар кўрган, уч киши жароҳатланган. Ҳозирча ҳеч ким жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Таъкидланишича, ҳужумдан кейин «осмонга тутун кўтарилган ва курд кучлари ҳудудга комендантлик соати жорий қилган». Курд разведка манбаси Эрбил халқаро аеропорти яқинида портлаш овозлари эшитилганини хабар қилган.

Ироқда АҚШга қарши кайфият Қосим Сулаймонийнинг ўлимидан сўнг кучайган.  2020 йил 3 январга ўтар кечаси АҚШ томонидан Бағдод халқаро аэропорти ҳудудида амалга оширилган операция натижасида эронлик генерал, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИРҚК) қўмондони Қосим Сулаймоний ва Ироқ шиа милицияси раҳбари ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандис ўлдирилган.

Аввалроқ Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари жойлашган базага ракета ҳужуми уюштирилганди. Шунингдек, Эрон президенти Сулаймонийнинг ўлими сабабли Трампни ҳибсга олишни талаб қилган. Акс ҳолда у Эрон бунинг учун қасос олишини таъкидлаган.

Bugun — LIVE