22:32 | 09.06.22 184

Конституцияга «яшил» нормаларни киритиш нима учун муҳимлиги маълум қилинди

Шунингдек, конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти айтилди

Ўзбекистонда конституциявий ислоҳот фаол босқичга кирмоқда, асосий қонунга ўзгартиришлар киритиш бўйича аҳолидан таклифларни тўплайдиган ва умумлаштирадиган Конституциявий комиссия ўз ишини бошлади. «Ижтимоий-ҳуқуқий медиа маркази» ННТ бош мутахассиси Айжамал Генжебекова конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти ва асосий қонунга «яшил» нормаларни киритиш зарурати ҳақида фикр билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Унинг айтишича, яқин истиқболда Ўзбекистонда энг муҳим ўзгаришлардан бири — асосий қонуннинг такомиллаштирилиши кутилмоқда. Конституциявий ислоҳотни амалга ошириш билан боғлиқ таклиф ўтган йили Президент Ш. Мирзиёев томонидан илгари сурилиб, ўзгаришларнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Бугунги кунга келиб эса асосий қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантирадиган Конституциявий комиссия тузилган.

«Дарҳақиқат, ислоҳотлар ва умуман мамлакатни ривожлантиришнинг кейинги йўналишини белгилайдиган жуда муҳим жараён бошланди. Хусусан, конституциявий ислоҳот чуқур ўзгартиришларнинг бошланишини англатади. Президентнинг биринчи муддати давомида мамлакатимизда кўп ишлар қилинди. Аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш сезиларли даражада оширилган ҳолда, иқтисодий ўсишга эришилди, ишбилармонлик муҳити яхшиланди, хорижий давлатлар, айниқса қўшнилар билан конструктив мулоқот ўрнатиш борасида муайян ютуқларга эришилди. Лекин бу ҳаракатларнинг барчаси аҳолининг бирламчи муаммоларини ҳал қилишга қаратилган чора-тадбирлар эди. Эндиликда эса фундаментал ўзгаришлар вақти келди ва бунда Конституция мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши керак. Таъкидлаш керакки, амалдаги Конституция бундан 30 йил аввал мустақилликнинг илк йилларида қабул қилинган бўлиб, унда давлат ва жамоат институтларини шакллантириш масалаларининг ҳуқуқий асосини яратишга устувор аҳамият қаратилган», — дейди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, шу билан бир вақтда бугунги воқелик давлат ҳокимияти тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Асосий қомусда жамоатчилик билан муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг замонавий механизмларини киритишни талаб қилади.

«Биз бир муҳим жиҳатни тушунишимиз керакки, фуқароларга янги Конституцияни шакллантиришга ҳисса қўшиш имконияти берилган, барча ташаббуслар тажрибали юристлар томонидан кўриб чиқилади. Бир сўз билан айтганда, ҳар биримиз Конституциянинг ҳаммуаллифи бўлишимиз мумкин ва бунда Комиссия бизга ёрдам беради. Шу билан бирга, ўзбек халқининг эътиборини келажак авлодлар ва умуман мамлакат тараққиёти учун муҳим бўлган экологик масалаларга қаратмоқчиман», — дейди Айжамал Генжебекова.

Қайд этилишича, Конституциявий комиссияга ҳар бир инсоннинг соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эгалиги тўғрисидаги нормани Асосий қомусда акс эттириш бўйича таклиф келиб тушган. Аслини олиб қараганда, ушбу норма ҳукуматга соғлом экологик муҳитни сақлаш ва биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш чораларини кўриш бўйича мажбуриятни юкламоқда.

Бундан ташқари, ушбу норма атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятининг шаффофлигини ҳам таъминлайди.

«Мамлакатимиздаги экологик вазият ҳақида ўз вақтида маълумот олиш имкониятига эга бўламиз, бу борадаги барча хавф-хатарлардан хабардор бўламиз. Иқлим ўзгаришига энг заиф бўлган мамлакатлардан бири ва Орол денгизи экологик фалокати оқибатларини бошдан кечираётган Ўзбекистон аҳолиси учун бу масала нафақат бугун, балки узоқ муддатли истиқболда ҳам устувор аҳамият касб этади. Назаримда, Конституциявий комиссия нафақат фуқароларнинг соғлом муҳитга бўлган ҳуқуқларини, балки Қизил китобга киритилган ёввойи ҳайвонларнинг соғлом яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқларини таъминлаш ҳақида ҳам ўйлаши керак», — дейди бош мутахассис.

Келтирилишича, бундан ташқари, ҳукумат Ўзбекистоннинг табиий ва биологик хилма-хиллигини сақлаш ва тиклашга, жамиятда ҳайвонларга нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни кўриши лозим бўлган норманинг киритилиши керак. Браконьерлик ва ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ ҳолатлар фонида ушбу норма ёввойи табиатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик чораларини тубдан қайта кўриб чиқиш учун асос бўлади.

«Қолаверса, бу экологик таълим ва маърифатга қаратилган чораларни кучайтириш учун асос яратади, чунки кундалик ҳаётда одамлар, масалан, чиқиндини саралаш зарурлиги, бу нима учун кераклиги ва ҳоказоларни билишлари керак. Умуман олганда, бундай ўзгаришларнинг киритилиши сиз ва бизнинг ҳуқуқларимизни мустаҳкамлайди ҳамда мамлакатнинг бутун экологик қонунчилигини модернизация қилиш учун муҳим туртки бўлади. Таъкидлаш керакки, охирги йилларда ҳар биримиз мамлакатда демократик ислоҳотларнинг гувоҳи бўлдик. Асосий қомусга ўзгартишларнинг киритилишини эса ушбу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида баҳолаш мумкин. Шу билан бирга, шуни тушуниш керакки, аслида халқнинг ўзи давлатнинг кейинги жадал ривожланиши учун ҳуқуқий асос яратиши керак, шунинг учун мен барча фуқароларни бу борада ўзларининг аниқ ташаббуслари ва таклифларини билдиришга чақираман», — дея хулоса қилган Айжамал Генжебекова.