Жамият - 15:14 · 09.06.2022

Ўзбекистонда 2 та давлат хизмати бўйича маъмурий регламентлар тасдиқланди

Ҳукумат қарори билан 2 та давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Уларнинг биринчиси — болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги экспертларни аккредитация қилиш бўйича. Регламентга кўра, ариза берувчи ДХМга бевосита ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон мурожаат қилади.

Ариза берувчилар олий маълумотга, педагогика, ёшга оид психология ва физиология, болалар психиатрияси соҳаларида билимларга (диплом ёки сертификатга) эга бўлиши керак. Сўровнома тўлдирилиб, 7 иш кунида ўрганиб чиқилади. Ариза берувчини аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилингач, талабгор 1 кун ичида аккредитациядан ўтказилади. Эксперт аккредитация қилингани тўғрисида гувоҳнома 5 йил муддатга берилади.

Иккинчиси эса давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарларини аттестациядан ўтказиш бўйича. Регламентга кўра, ариза берувчи бунинг учун ДХМга бевосита ёки ЯИДХП орқали электрон мурожаат қилади. Сўровнома тўлдирилади ҳамда ваколатли орган (Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) 15 иш кунида ариза берувчини аттестацияга қўйиш ёки қўйилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади.

Ваколатли орган аттестация гуруҳи шаклланишига қараб талабгорларни аттестациядан ўтказади (5–10 та саволдан иборат оғзаки суҳбат). Аттестацияда қатнашишдан четлаштирилган талабгор 6 ой давомида кейинги аттестацияларга қўйилмайди. Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари ҳар 3 йилда аттестациядан ўтади. Мазкур давлат хизматлари кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.

Аввалроқ берилган хабарга кўра, чет элдаги ўзбекистонликлар 2022 йилдан 8 турдаги давлат хизматидан фойдаланиши мумкин бўлганди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда «автомобиль тарихи» давлат хизмати йўлга қўйилиши маълум қилинган.

Bugun — LIVE