Жаҳон - 23:31 · 09.06.2022

Путинга қарши санкциялар киритган Зеленский, БМТнинг «янги режаси», Россияга қарши операцияларда қатнашаётган 20 дан ортиқ хакерлик гуруҳлари

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 9 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «MARCA»

БМТдан «янги режа»: Ташкилот Украина ва Россия донининг экспортини бир вақтнинг ўзида ташкил қилишни режалаштирмоқда

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Геннадий Гатилов БМТ Украинада қолаётган донни экспорт қилиш йўлини қандай кўраётгани ҳақида гапирди.

Унинг таъкидлашича, ташкилот Украина ва Россия донини параллел равишда экспорт қилишни йўлга қўймоқчи. Россия бу борада конструктив позицияни билдирмоқда ва муаммони «зудлик билан» ҳал қилишга тайёр.

«Ғалла экспортига биз томондан ҳеч қандай тўсиқ йўқ. БМТ вакилларига буни қандай амалга ошириш мумкинлиги ва Россия қандай миқдорда дон ва ўғит экспорт қилишга тайёрлиги ҳақида аниқ таклифлар берилди. Бу ерда муаммо Украина томонида», — дейди Геннадий Гатилов.

Зеленский Путин ва Россиянинг юқори лавозимли амалдорларига қарши шахсий санкциялар киритди

Украина президенти Владимир Зеленский Россия президенти Владимир Путинга нисбатан шахсий санкциялар киритди. Чекловлар остида Россия раҳбаридан ташқари яна 34 киши, жумладан, Дмитрий Песков, Михаил Мишустин ва Сергей Шойгу ҳам қолди.

Ҳужжатда айтилишича, санкциялар чексиз муддатга киритилган. Россия ҳукумати вакилларига қуйидаги чекловлар қўйилган:

  • активлар ва мулклар блокланади;
  • капитални Украинадан олиб чиқиб кетишнинг олди олинади;
  • Украина чегарасини ҳар қандай кесиб ўтиш, Украина ҳудудий сувлари ва ҳаво ҳудудига кириш тақиқланади;
  • қимматли қоғозлар билан операциялар тақиқланади;
  • виза берилмайди;
  • Украина давлат мукофотларидан маҳрум қилинади;
  • Украина радиочастоталаридан фойдаланиш тақиқланади;
  • Украинада мулкни хусусийлаштириш ва ижарага бериш тақиқланади;
  • электрон алоқа хизматларини кўрсатиш тўхтатилади ва бошқалар.

Европа Иттифоқи Украинага қўшимча ёрдам ажратади

Европа Иттифоқи Украина учун қўшимча 205 миллион евро гуманитар ёрдам ажратилишини эълон қилди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Украинадаги делегацияси хабар берди.

«Гуманитар эҳтиёжлар кескин ортиб бораётгани муносабати билан инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Ленарчич бугун Украинага ташриф буюради», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, унинг ташрифидан мақсад ЕИнинг ушбу эҳтиёжларга жавобини жойида мувофиқлаштиришга кўмаклашиш мақсадида гуманитар ташкилотлар ва Украина расмийлари билан учрашишдан иборат.

БМТ: «Украинада ъмахсус операцияʼ бошланганидан бери 4,3 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди»

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳисоботида айтилишича, Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти бошланган 24 февралдан 8 июнгача Украинада 4302 тинч аҳоли ҳалок бўлган, яна 5217 нафари яраланган.

Ҳалок бўлганлар орасида 1639 нафар эркак, 1075 нафар аёл, 100 нафар қиз ва 105 нафар ўғил бола, шунингдек, жинси ҳали аниқланмаган 67 нафар бола ва 1316 нафар катталар бор.

Ҳалок бўлганлар ва жароҳатларнинг аксарияти, ҳисоботга кўра, оғир артиллерия ва кўплаб ракета тизимларининг иши билан боғлиқ.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги: Россияга қарши операцияларда 20 дан ортиқ хакерлик гуруҳлари иштирок этмоқда

Россияга қарши киберҳужумлар, жумладан, АҚШ, Украина ва Грузияда фаолият олиб борувчи 22 та хакерлик гуруҳини ўз ичига олади. Бу ҳақда Россия президентининг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги халқаро ҳамкорлик бўйича махсус вакили Андрей Крутских маълум қилди.

«2022 йил май ойи ҳолатига кўра, АҚШ, Туркия, Грузия ва Европа Иттифоқи ҳудудида фаолият олиб борувчи 65 мингдан ортиқ хакерлар мунтазам равишда мамлакатимизнинг муҳим ахборот инфратузилмаси, жумладан, Рутубе видеохостингига мувофиқлаштирилган ДДоС ҳужумларида иштирок этган. Умуман олганда, Россияга қарши ноқонуний операцияларда 22 та хакерлик гуруҳлари қатнашмоқда, уларнинг орасидаги энг фаоллари IT-army of Ukraine (Украина), GhostClan (США), GNG (Грузия), Squad303 (Польша) дир», деди жаноб Крутских.

Bugun — LIVE