Жамият, Қорақалпоғистон - 22:11 · 09.06.2022

Қорақалпоғистонда «Хотин-қизлар ва ёшлар ҳафталиги»га старт берилди

Қорақалпоғистонда 9 июнь куни Олий Мажлиси Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси, АТ Халқ банки билан биргаликда «Хотин-қизлар ва ёшлар ҳафталиги»га старт берилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Таъкидалинишича, ушбу ҳафталикда хотин-қизларнинг ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш соҳасидаги Қорақалпоғистон Республикаси тажрибаси бошқа ҳудудларга таништирилади.

Мазкур ҳафталикнинг биринчи куни Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида Ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, Қорақалпоқ миллий либослари модалар намойиши ҳамда Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан давра суҳбатлари ўтказилган.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, вазирлик ва идоралар, ҳокимлик вакиллари «Тадбиркор аёллар клуби», «Гендер адолат лидери» аъзолари, ҳамда ОАВ вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси хотин-қизлари ва ёшлари иштирок этган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Марказга ташриф буюрган ташкилотчилар ҳамда меҳмонлар қорақалпоқ миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан яқиндан танишдилар, сўнгра қорақалпоқ миллий либослари намойиши ташриф буюрганлар эътиборига ҳавола қилинган.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан давра суҳбати ўтказилди. Ушбу конференцияда кўплаб маърузачилар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси хотин-қизларининг муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада жадаллаштириш юзасидан таклифлар билдирилган.

Хусусан, Олий Мажлис Сенати бўлим мудири Нодира Шотурсунова ҳам ўз маърузаси билан иштирок этиб, «Хотин-қизлар бандлигини ўрганиш» уларнинг фаолиятини амалга оширишда дуч келаётган тўсиқлар ва муаммоларни ҳал қилиш юзасидан таклифлар билдирган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Бундан ташқари, давра суҳбати давомида маърузачилар томонидан Ўзбекистон Республикасида аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги, уларга берилаётган имтиёзлар, яратилаётган шарт-шароитлар хусусида тушунтиришлар олиб борилди.

Тадбир якунида Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолият йўналишлари ҳамда Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларига грантлар ажратишга бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.

Bugun — LIVE