Жаҳон - 8:10 · 09.06.2022

Қозоғистонда ҳукумат вакилига бўйсунмаганлик учун жазо кучайтирилади

Қозоғистонда ҳукумат вакилига бўйсунмаганлик учун жазо кучайтирилади. Бу ҳақда «Nur.kz» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, январь воқеаларидан кейин Қозоғистон Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритилган.

«Фавқулодда вазиятда ва аксилтеррор операцияси ўтказилаётган ҳудудда оммавий тартибсизликлар жараёнида бўйсунмаслик учун жавобгарлик янада кучайтирилади», — деган парламент депутати Гулнора Бижонова.

Эндиликда фавқулодда ҳолат режими жорий этилган пайтда ҳокимият вакилига бўйсунмаганлик учун 6 миллион 360 минг тенге (14,7 минг доллар)гача жарима ёки икки йилга озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган. Янги қоидага кўра, озодликдан маҳрум қилиш муддати уч йилгача оширилган. Бундан ташқари, ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти салбий баҳоланганда улар учун жавобгарлик оширилиб, қайта аттестация жорий этилади.

Ходимларни рағбатлантиришнинг ягона тартиби ҳам ўрнатилмоқда. Депутатлар томонидан ички ишлар ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, жумладан, ходимларнинг иш ҳақини ҳар уч йилда бир марта индексация қилиш, вафот этган ходимнинг фарзанди ва қариндоши учун ижтимоий нафақалар, меҳнатга лаёқациз ходимларнинг фарзандлари учун давлат таълим грантлари, ўз хизмат вазифаларини бажаришда ходимнинг соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш кўриб чиқилмоқда.

Аввалроқ Қозоғистонда Конституцияга киритилган ўзгартиришлар кучга кирганди. Шунингдек, Қозоғистонда янги ҳарбий бўлинмалар шакллантирилиши маълум қилинганди.

Bugun — LIVE