Жамият - 17:15 · 09.06.2022

Шавкат Мирзиёев Япония бош вазири билан телефон орқали гаплашди

Шавкат Мирзиёев ва Япония бош вазири Фумио Кисиданинг 9 июнь куни телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, кўп қиррали Ўзбекистон–Япония ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва кенгайтиришга доир, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилган. Етакчилар мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги стратегик шерикликнинг 20 йиллиги билан бир-бирини самимий қутлаган.

Токио шаҳрида 2019 йил декабрь ойида ўтган саммит ва олий даражадаги мунтазам мулоқотлар икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиб, уларни амалий мазмун билан бойитгани қайд этилган.

Учрашувда ўзаро савдо ҳажми ортиб бораётгани ҳам айтилди. Унга кўра, йил бошидан бери товар айирбошлаш кўрсаткичлари икки баробарга ошган. Япония етакчи компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялари кўпаймоқда, иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларида кўплаб янги қўшма корхоналар ташкил этилмоқда. Энергетика қувватларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, саноатда, шу жумладан, машинасозлик ва кимё тармоқларида замонавий ишлаб чиқаришларни яратиш, меҳмонхоналар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича биргаликда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Тошкентда Япониянинг биринчи Рақамли университети фаолият юритмоқда.

Давлат раҳбари Япония бош вазири ва ҳукуматига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирган. Япониянинг JICA агентлиги ва Халқаро ҳамкорлик банки — JABIC доирасида кўрсатилган молиявий ва молиявий-техник кўмак ҳажми 7 миллиард доллардан ошгани таъкидланган. Бундан ташқари, ҳукумат делегацияларининг 2022 йилда ўтказилган учрашув ва музокараларининг натижалари юқори баҳоланган.

Етакчилар инновациялар, «яшил» иқтисодиёт, рақамли технологиялар, фан ва таълим соҳаларида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинув дастурлари ва парламентлараро мулоқотни давом эттириш муҳимлигини қайд этган. Осака шаҳрида ўтказиладиган «ЭКСПО-2025» бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистоннинг кенг миқёсли экспозициясини ташкил этишга келишиб олинган.

Мулоқот чоғида халқаро кун тартибидаги масалаларга ҳам тўхталиб ўтилган.

Хусусан, Япония бош вазири мамлакат БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлиши, Корея яриморолини ядровий қуролдан холи ҳудудга айлантириш ва ўғирланган япон фуқароларини қайтариш масалаларида Ўзбекистон муттасил қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирган.

Ўзбекистон Президенти Япония томонини Кумамото шаҳрида Сув саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаб, ҳукумат раҳбари томонидан кенг минтақада барқарор тараққиёт ва равнаққа эришиш мақсадида илгари сурилган Осиёда амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Фумио Кисида, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишонч, яхши қўшничилик ва кенг кўламли шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларини ҳамда Афғонистонда бардавом тинчлик ва иқтисодий тикланишни таъминлашга кўрсатаётган кўмагини юксак баҳолаган. «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бутун салоҳиятини ишга солишдан иккала томон ҳам манфаатдор экани қайд этилган.

Суҳбат якунида Шавкат Мирзиёев бош вазир Фумио Кисидани мамлакатга расмий ташриф билан келишга таклиф қилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов телефон орқали мулоқот қилганди.

Bugun — LIVE