Жаҳон - 8:28 · 09.06.2022

Украина Исроилдан ракетага қарши мудофаа тизими сотиб олмоқчи

Украина Исроилдан «Темир гумбаз» ракеталарга қарши мудофаа тизимини сотиб олмоқчи. Бу ҳақда «The Jerusalem Post» хабар берди.

Фото: «Middle East Eye»

Тель-Авивда 7 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Украинанинг Исроилдаги элчиси Евгений Корнийчук бу бўйича маълумот бериб, АҚШ ушбу келишувга аралашмаслигини таъкидлаган. Дипломат Исроил ҳукуматидан Украинани ҳарбий ёрдам билан қўллаб-қувватлашини хоҳлашини айтган.

«Исроил ўз қулайлик зонасини тарк этиб, ҳақиқатга қайтишини истайман. Бизга Исроилнинг ёрдами керак. Мен ҳарбий-техник кўмакни назарда тутяпман. Бизга тинч аёллар ва болаларни Россия ракеталаридан қутқаришда ёрдам берадиган ‘Темир гумбаз’ зарур», — деган Корнийчук. У бу ракетага қарши мудофаани қурол эмас, балки тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш воситаси деб атаган.

Дипломат Украина бу тизим учун пул тўлашга тайёрлигини қўшимча қилган.

«Бизга хайрия керак эмас, Украина уни пулга харид қилмоқчи. Маънавий нуқтаи назардан Исроил қолган Ғарб дунёси тарафдори бўлиши ва Украинага қўлидан келганича ёрдам бериши керак деб ҳисоблаймиз», — деган сиёсатчи.

Унинг сўзларига кўра, Россия билан урушнинг фаол босқичи бошланганидан бери Украина ва Исроил ўртасидаги ҳамкорлик ноль даражада қолмоқда. Ҳатто 20 минг дубулға ва зирҳ етказиб бериш бўйича сўровлар ҳам бажарилмаган. Натижада, Украина атиги 2000 дубулға ва 5000 та зирҳ олган, бу эса етарли даражада самарали эмас.

Корнийчук Исроил протезлаш бўйича етакчи, бироқ мамлакат расмийлари жангда қўли ёки оёғидан айрилган ва жанг майдонига қайтолмаётган украиналик аскарларни даволашга рози бўлмаганини айтган.

«Улар урушда қатнаша олмайди, улар оддий одамлар. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бир ойдан ортиқ вақтдан бери музокаралар давом этмоқда», — дея дипломат Исроилдан келаётган инсонпарварлик ёрдами ҳақида гапирган.

У, шунингдек, ўтган ҳафта Исроил АҚШнинг Германия орқали Украинага лицензиясига эга «Spike» танкка қарши ракеталарини етказиб бериш бўйича сўровини рад этганини эслатган.

«Ўтган ҳафта, мен билишимча, америкаликлар Украинага ‘Spike’ ракетага қарши тизимларни етказиб беришга рухсат берган, бироқ Исроил рад этган», — деган Корнийчук ва Берлин Украинага ишлаб чиқарилган ракета тизимларини топширишга қарши эмаслигини қўшимча қилган.

Аввалроқ АҚШ Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақида билгани маълум бўлганди. Шунингдек, Украина делегацияси Россия билан музокара ўтказиш шартини айтганди.

Bugun — LIVE