Жаҳон - 12:20 · 10.06.2022

Беларусь Украина билан чегарага ИИВ бўлинмаларини жойлаштирди

Беларусь Украина билан чегарани қўриқлаш учун мамлакат Ички ишлар вазирлигининг бўлинмаларини жалб қилди. Бу ҳақда «УНИАН» хабар берди.

Фото: «5 канал»

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Гомель вилоятида Волин ва Полисе йўналишида ички ишлар бўлинмалари махсус бригадаси чегарани қўриқлаётганини тасдиқлаган. Киев расмийлари руслар Середина-Буда, Рожковичи, Сенковка ва Сопич аҳоли пунктлари ҳудудларини миномётлардан ўққа тутаётганини айтган.

«Слобожанский йўналишида душман 30 тагача батальон тактик гуруҳлари билан ҳарбий ҳаракатлар олиб бормоқда. Мудофаа қўшинлари ҳаракатларини чеклаш ва давлат чегараси чизиғига етиб боришига йўл қўймаслик учун тизимли равишда ўт очиш амалга оширилмоқда», дейилади хабарда.

Аввалроқ Беларусь Украина билан чегарага 80 минг қўшин жойлаштириши маълум қилинганди. Шунингдек, Лукашенко Украина донини Беларусь орқали олиб ўтишни таклиф қилганди.

Bugun — LIVE