Бугун оқшоми. Оилани фақат эркак ва аёлдан иборат уюшма этиб белгилашга қарши чиққан сенатор, фуқароларни ургани айтилаётган ИИБ ходимлари, Россияга қарши коалиция

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

«Улар ўзи нима учун ойлик оляпти?» — Президент энергия сарфини қисқартириш бўйича ташаббус билдирмаётган вазир ва ўринбосарлар ҳақида.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев раислигида қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда Президент мамлакатда 10 миллиард долларлик электр ва газ истеъмол қилинишини, аммо буни камайтириш лозимлигини таъкидлади. Бу бўйича ташаббус бермаган вазир (7 апрелда ишдан бўшаган Алишер Султоновдан кейин бу соҳага маъсул бўлган вазир ҳозирда тайёрланмаган) ва ўринбосарларни (вазирнинг ўзи йўқ, аммо унинг икки ўринбосари бор) танқид қилди.

«Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Бир йилда Ўзбекистонда 10 миллиард долларлик электр ва газ истеъмол қилинади. Агар бунинг 10 фоизини иқтисод қилишни ўргансак, бу 1 миллиард долларни бошқа эҳтиёжлар учун сарфлашимиз мумкин. Ҳоким ва вазирдан тортиб, маҳалла раисигача барча даражадаги раҳбарлар бу масаланинг қанчалик муҳимлигини тушунаяптими, бу борада ўзининг масъулиятини ҳис қилаяптими, деган саволлар мени жуда қийнайди.

Қайси вазир ёки унинг ўринбосари ҳисоб-китоб қилиб, энергия сарфини қисқартириш бўйича ташаббус кўрсатди? Улар ўзи нима учун ойлик олаяпти?» — деган Президент йиғилиш аввалида.

Конституциявий ўзгаришлар: бош қомуснинг 16-моддасига ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинди. Экологик партия фракцияси раҳбари ва комиссия раиси бу бўйича фикр билдирди.

Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бугун, 10 июнь куни бўлиб ўтди. Унда асосий қомуснинг 16-моддасига ўзгартириш киритиш таклифи берилди.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳозирда 16-модда:

«Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.

Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас».

16-моддага қуйидаги қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда:

«Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига, мазкур Конституциянинг биринчи бўлимида кўрсатиб ўтилган асосий принципларга зид равишда ёки зарар етказилган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.

Бирорта ҳам қонун ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас».

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Хайрулло Ғаффоровнинг сўзларига кўра, бу тузум асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, конституциявий комиссия раиси Акмал Саидовнинг маълум қилишича, биринчи бўлимда энг муҳим конституциявий принциплар тасдиқланади. Юқоридаги қоида кўпгина конституцияларда мавжуд.

«Қичимаган жойни қашиб, нима керак?» — Сенатор Конституцияда оиланинг фақат эркак ва аёлдан иборат уюшма сифатида белгиланишига қарши чиқди.

Кадр: YouTube

Ушбу йиғилишда Алишер Қодировнинг Конституцияда оилани аёл ва эркакдан иборат уюшма сифатида белгилаш зарурлиги ҳақидаги таклифи ҳам муҳокама қилинган. Бироқ мажлисда ўтирган комиссия аъзоларидан бири, сенатор Абдураҳим Иркаев бунга қарши чиқиб, ўзгартириш керакмаслигини, чет эл бунга қандай мунрсабат билдириши борасида хавотирларини гапирган.

«Бундан 7–10 йил олдин бу кескинлик йўқ эди. Биз Конституцияда мана шунга ўхшаган таҳдидий ҳолат бор эканига унча эътибор бермаган эканмиз. ‘Томонларнинг’ дегани шуки, Ғарб дунёсида жуда тез ривожланиб кетаётган бир жинсли никоҳларга қонун даражасида рухсат берилган. Мана шу ўзгартиришнинг киритилишини маънавий ҳимоямизнинг яққол тимсоли сифатида кўришимиз керак, мен буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман», — деди Алишер Қодиров.

Қодировнинг сўзларига нисбатан сенатор Абдураҳим Иркаев ўз эътирозларини билдирган. У бу ўзгартиришга дунё ҳамжамиятининг муносабатини ўйлаётганини айтган.

«Моҳияти жиҳатидан бу таклифни ҳаммамиз қўллаб-қувватлаймиз. Аммо бир нарсага эътибор қаратиш керак: эркак ва аёл деб ёзиб қўйишимизга чет эл қандай реакция билдиради? Балки шуни эскича қолдирармиз. Қичимаган жойни қашиб, нима керак? Ҳозир ҳам бесоқолбозлик Конституциядан чиқиб кетмагани учун биз қанча таъна эшитяпмиз. Буни ўйлаб кўриш керак, лекин барчамиз буни инсон сифатида қўллаб-қувватлаймиз. Аммо қўшнилар, жаҳон жамоатчилиги билан ҳам ҳисоблашиш керак», — деди Иркаев.

Маълумот учун, Конституциянинг 63-моддасида «Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади» деб ёзилган.

Яна поезд билан боғлиқ нохуш ҳолатлар: Жиззахда «Афросиёб» поезди 8-синф ўқувчиларини уриб юборди. Уларнинг бири вафот этди, иккинчиси эса жонлантириш бўлимида.

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида 24 май куни Тошкент—Самарқанд йўналишида ҳаракатланаётган «Афросиёб» тезюрар поезди 2 нафар вояга етмаган болани уриб юборган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати 15 кун ўтиб (!) хабар берди.

Кадр: Telegram / Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Ҳодиса Ғаллаорол–Булунғур темирйўл бекатлари оралиғининг 3652-километрида содир бўлган. Поезд ўша вақтда соатига 190 километр тезликда ҳаракатланаётган бўлган.

Болаларни «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ходими Ғаллаорол тумани тиббиёт бирлашмасига етказган. Маржонбулоқ шаҳарчасида яшайдиган ўқувчилардан бири жароҳатлар оқибатида вафот этган. Иккинчи бола эса жонлантириш бўлимида экани айтилган.

Аввалроқ Тошкент вилоятида бир кунда 2 киши поезд уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлганди (воқеа 7 июнь содир бўлган, 9 июнь куни хабар берилган). Ўзбекистонда машина йўлда юриш (ҳайдаш ва оддий йўловчи ёки пиёда бўлиш) хавфли эди. Поезд йўлида юриш эса аввалдан хавфли бўлган, бу ҳодисаларда камдан-кам ҳолатларда айб машинистда бўлади.

Диққат, бутунлар «ту-у-т»дан иборат видео: Сурхондарёда эркак ИИБ ходимини уятли сўзлар билан ҳақорат қилди.

Сурхондарё вилояти Денов туманида эркак хизмат вазифасини бажараётган йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бўлими ходимини турли хил уятли сўзлар билан ҳақорат қилди (камига буни унинг ўзи видеога олиб, тармоқларга тарқатган).

Бош прокуратура эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Бош прокуратура, шунингдек, хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига қаршилик кўрсатиш, уни ҳақорат ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, Интернет тармоғида хабар жойлаштириш орқали ҳақорат ёки туҳмат қилиш каби ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини эслатган.

Ўзбекистон — контрастлар юрти: у ерда бир хабар ЙПҲ ходимини фуқаро ҳақорат қилгани ёзилиши, унинг кетидан эса ИИБ ходими фуқаро(лар)ни ургани ҳақида хабар берилиши мумкин. Тошкентда ички ишлар ходимлари йигит ва қизни калтаклагани айтилмоқда.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 7 июндан 8 июнга ўтар кечаси 2 нафар ички ишлар ходими йигит ва қизни калтаклагани айтилмоқда. Бу ҳақда «Nemolchi.uz» лойиҳасига мурожаат келиб тушган.

Фото: «Nemolchi.uz»

Айтилишича, уларга уйи яқинида ички ишлар ходимлари ҳужжатларни текшириш учун мурожаат қилган. Ходимлар ҳужжатларни текширгач, уларни ички ишлар бўлимига олиб боришини айтган. Қиз эса ҳеч қаёққа бормаслигини, бунга ҳеч қандай сабаб йўқлигини таъкидлаган, лекин ходимлар уларни мажбурлаб машинага ўтқизган.

Фото: «Nemolchi.uz»

Таъкидланишича, қиз телефонида содир бўлаётган воқеани тасвирга олган. Лекин ходимлар телефонни олиб қўйиб, тасвирларни ўчириб ташлаган. Кейин эса, улар Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлимига олиб келинган ва база орқали маълумотлари текширилган. Қонунбузарлик ҳолатлари бўлмагани учун улар қўйиб юборилган.

«Йўлдошев Азиз ва Қаҳрамонов Нурабек мени ва дўстимни қаттиқ калтаклашди, бурнимни синдиришди, кўкрак ва қорнимга тепишди, жинсий зўравонлик билан қўрқитишди, сўкишди ва ҳақорат қилишди. Йигитимни ҳушидан кетгунга қадар калтаклашди», дейилади мурожаатда.

Айтилишича, йўлда қиз улардан қаерга олиб кетишаётганини сўраган, лекин ҳодимлар унинг устидан кулган ва жинсий зўравонлик билан таҳдид қилган.

Фото: «Nemolchi.uz»

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати «Nemolchi.uz» таҳририяти сўровига кўра, мазкур факт бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилган. Бош прокуратура эса ҳозирда мазкур факт юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланганини қайд этган.

Агар ростан шундай бўлса (хизмат текшируви ёки суд натижасини кутиш керак, яқинда «замдекан» ишида ҳам суддан аввал хулосалар қилинганди, ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди), даҳшат. Шунчаки даҳшат. Даҳшат ва яна даҳшат.

Хўш, оламда нима гап?

АҚШ молия вазири Жанет Еллен Украинадаги «махсус ҳарбий операция» туфайли Россияга қарши санкциялар жорий қилувчи давлатлар коалициясини тузишни таклиф қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Россияга қарши санкциялар қўллашга рози бўладиган катта давлатлар гуруҳи керак. «Бундай коалицияни тузиш санкцияларни глобал миқёсда янада самаралироқ қилиш учун зарур», — деган Жанет Еллен.

Фото: «Sputnik»

Ғарб давлатлари Россия армиясининг Украинага «махсус операцияси» бошланганидан кейин Москвага қарши янги санкциялар жорий қилган. АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти санкцияларни қўллаб-қувватловчи давлатлар доирасини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Россия президенти Владимир Путин мамлакатни жиловлаш ва кучсизлантириш сиёсати Ғарб учун узоқ муддатли стратегия экани ва санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба беришини айтган. Путин бу воқеалар Ғарбнинг сиёсатда ҳам, иқтисодиётда ҳам глобал ҳукмронлиги чегарасини кўрсатаётганини таъкидлаган. У Россияни замонавий дунёда изоляция қилиш мумкин эмаслигини айтган.

Бу томонда эса Финляндия Россия билан чегарага тўсиқлар ўрнатмоқчи.

Финляндия мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида Россия билан чегарада тўсиқлар ўрнатишни режалаштирмоқда. Мамлакат ички ишлар вазири Криста Микконен бунинг учун чегара хизмати қўшимча маблағ олишини таъкидлаган.

Фото: «Zerkalo.az»

Тўсиқлар қурилиши чегарачилар тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартишларни амалга ошириш имконини беради. Вазирлик маълумотига кўра, улар мамлакатни «гибрид характердаги таҳдидлар», хусусан, «миграциядан сиёсий босим ўтказишда фойдаланиш»га қарши курашишга ёрдам беради», дейилади вазирлик хабарида.

Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлардан сўнг мигрантларни қабул қилиш марказлашган ҳолда, махсус ажратилган чегара ўтказиш пунктларида амалга оширилади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Оиласи билан хайрлашаётган астронавт аёл, шаҳар ўртасидаги улкан мушук, автомобиль йўлига ўтириб олган намойишчи — бугун суратлари
Жамият23:52 | 6.10.22
Оиласи билан хайрлашаётган астронавт аёл, шаҳар ўртасидаги улкан мушук, автомобиль йўлига ўтириб олган намойишчи — бугун суратлари
«Uztelecom Starlink’дан кўра 4-5 баробар арзон ва тез интернетни исталган хонадонга олиб бориши мумкин» — Шерзод Шерматов
Жамият, Тошкент ш.23:13 | 6.10.22
«Uztelecom Starlink’дан кўра 4-5 баробар арзон ва тез интернетни исталган хонадонга олиб бориши мумкин» — Шерзод Шерматов
Россия Беларусга импорт ўрнини босиш учун 1,5 млрд доллар ажратди
Жаҳон22:51 | 6.10.22
Россия Беларусга импорт ўрнини босиш учун 1,5 млрд доллар ажратди
Қашқадарёда туман электр тармоқлари корхонаси ходими ток уриши оқибатида вафот этди
Жамият22:35 | 6.10.22
Қашқадарёда туман электр тармоқлари корхонаси ходими ток уриши оқибатида вафот этди
«Сафарбарликдан қочаётган россияликлар Европадан бошпана сўрашга ҳақли» — Meduza
Жаҳон22:04 | 6.10.22
«Сафарбарликдан қочаётган россияликлар Европадан бошпана сўрашга ҳақли» — Meduza
Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» дам олиш маскани қайта сотувга қўйилди
Жамият21:44 | 6.10.22
Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» дам олиш маскани қайта сотувга қўйилди