Жамият - 19:29 · 10.06.2022

«Диний таълимни ислоҳ қилиш кўзда тутилмоқда» — Нуриддин Холиқназаров

Ўзбекистон муфтийси Нуриддин Холиқназаров 10 июнь куни Мисрнинг Қоҳира шаҳридаги энг қадимий жомеъ масжидларидан бири «Жомеъ Ал-Азҳар Аш-Шариф»да жума намозини адо қилди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлар идораси ахборот хизмати

Қайд этилишича, намоздан сўнг масжиднинг «Ал-Равақ Ал-Аббасий» мажмуасида Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси кўмагида муфтийнинг ватандошлар билан учрашуви ташкил этилди.

«Ватандан узоқда, мусофирчиликда юриш қийин, уйдан узоқда таълим олиш ундан ҳам қийин. Уйидан таълим олишга чиққан одам Оллоҳнинг паноҳида бўлади. Шу билан бирга бундай тоифа одамларнинг мақсади илм олишдан бошка нарсага қаратилмаган бўлиши керак. Шу ниятни амалга оширса, Оллоҳ ажрини беради.

Янги Ўзбекистон ҳақиқатдан ҳам янгидан барпо бўляпти. Ҳамма соҳаларда, жумладан, диний соҳада ҳам ислоҳотлар амалга ошириляпти. Шу йил 40 минг одам Умрага бориб келди. 11 мингга яқин одам Ҳажга бориши кутилмоқда.

Шу қисқа вақт ичида мамлакатимиз бўйлаб юзлаб масжидлар таъмирланмоқда, янги масжидлар барпо этилиб, халққа фойдаланишга топширилмоқда. Қуръон ўқитиш марказлари очиш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда. Шу кунгача шундай марказлардан 21 та очилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Қуръон ва тажвид ўкитиш булими ташкил этилди. Бу бўлим томонидан ҳар бир ҳудудда Қуръон ўқитиш марказлари очиш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда. Келажакда бошқа курслар, жумладан, араб тилларини ўқитиш курсларини ҳам очиш кўзда тутилган. Мадрасаларда квоталар кўпаймоқда. Ислом университетини жомега айлантириш назарда тутилган.

Диний таълим тизимини ислоҳ қилиш режалаштирилган, биринчи курсдан магистратурагача ўқитиш кўзда тутилган тизим яратилмоқда. Албатта, сизларни ушбу тизимда иштирок этишга ва бу ерда олган билимларингизни Ўзбекистонда дарс беришда кутамиз.

Қаерда бўлманг ватанга муҳаббат камаймасин. Ватанни эсдан чиқарманг. Ҳаммамиз бир умматмиз. Ватан бу катта оила. Бир киши хато қилса, бутун ватанга доғ тушади. Ўзбекистонни обрўсига путур етади. Буюк алломалар юртиданмиз, шу юртга садокат билан хизмат қилинг» — дейди муфтий.

Учрашув якунида Нуриддин Холиқназаров йиғилганларга ташаккур изҳор қилиб, дуо ўқиди. Мисрда таҳсил олаётган талабалар Ўзбекистонда кутиб қолиниши маълум қилинди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлар идораси ахборот хизмати
Фото: Ўзбекистон мусулмонлар идораси ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Миср пойтахти Қоҳира шаҳридаги «Сафир» меҳмонхонасида 9 июнь куни муфтий Нуриддин Холиқназаров бир гуруҳ ватандошлар билан учрашганди.

Бундан ташқари 9 июнь куни Қоҳирада ўтказилаётган халқаро анжуман доирасида муфтий Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Иброҳим Аллом билан учрашув ўтказган.

Bugun — LIVE