Жамият, Фарғона - 17:45 · 10.06.2022

Фарғонада кучли шамол ва ёмғир кузатилмоқда — видео

Фарғона шаҳрида 10 июнь куни кучли шамол кузатилиб, кўп қаватли уйнинг том қопламасини учириб юборди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Қайд этилишича, соат 16:25 да Фарғона шаҳрида қисқа муддатли кучли шамол кузатилиб, оқибатда Ал-Фарғоний кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг том қопламаси ерга учиб тушган.

Воқеа жойига зудлик билан шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари етиб борган. Ҳозирда тегишли хизматларнинг куч-воситалари жалб этилган холда вазият оқибатларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳодиса сабаб тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Маълумот учун, «Ўзгидромет» хизмати 10–11 кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел келишидан огоҳлантирган.

Аввалроқ Қашқадарёда кучли шамол бозорнинг томини учириб кетганди. Шунингдек, Самарқандда ҳам кучли шамол оқибатида кўп қаватли уйнинг томи учиб кетгани ҳақида маълумот берилган.

Bugun — LIVE