Жамият, Жиззах - 15:05 · 10.06.2022

Жиззахда «Афросиёб» поезди 8-синф ўқувчиларини уриб юборди

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида 24 май куни Тошкент—Самарқанд йўналишида ҳаракатланаётган «Афросиёб» тезюрар поезди 2 нафар вояга етмаган болани уриб юборди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, воқеа Ғаллаорол–Булунғур темирйўл бекатлари оралиғининг 3652-километрида содир бўлган. Поезд ўша вақтда соатига 190 километр тезликда ҳаракатланаётган бўлган.

Болаларни «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ходими Ғаллаорол тумани тиббиёт бирлашмасига етказган. Маржонбулоқ шаҳарчасида яшайдиган ўқувчилардан бири жароҳатлар оқибатида вафот этган. Иккинчи бола эса жонлантириш бўлимида экани айтилган.

Аввалроқ Хоразмда поезд 43 ёшли аёлни уриб кетганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида бир кунда 2 киши поезд уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлган.

Bugun — LIVE