Жамият - 12:56 · 10.06.2022

«Мен Ўзбекистон халқи номидан гапираман дейдиганлар чиқиб қолади» — Акмал Саидов

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Хайрулло Ғаффоров конституциявий комиссиянинг 10 июнь кунги йиғилишида асосий қомуснинг 16-моддасига ўзгартириш киритиш бўйича таклифга хулоса берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Жиззах вилоятида ўтказилган жамоатчилик йиғилишларида мазкур моддага ўзгартириш таклифи таништирилган. Фуқароларнинг барчаси буни қўллаб-қувватлашини билдириб, ўз таклифларини айтиб ўтган.

«Барчамизга маълумки, Конституциямизнинг асоси биринчи навбатда кўп асрлик бой миллий-ҳуқуқий меросимизга, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга, илғор конституциявий тажрибаларга асосланган.

Энди бевосита биринчи бўлимга тўхтаталадиган бўлсак, бу асосий принциплар ҳисобланиб, давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, Конституция ва қонуннинг устуворлиги ҳамда ташқи сиёсат принциплари конституциявий тузум асосларини белгилаб беради», — дейди комиссия аъзоси.

16-моддага қуйидаги қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда:

«Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига, мазкур Конституциянинг биринчи бўлимида кўрсатиб ўтилган асосий принципларга зид равишда ёки зарар етказилган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.

Бирорта ҳам қонун ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас».

Ғаффоровнинг қўшимча қилишича, мазкур таклиф биринчи бўлимда кўрсатиб ўтилган Конституциянинг ҳеч қайси боби ва ҳеч қайси қонунга зид келиши мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилмоқда. Бу эса тузум асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шундан сўнг конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов Экопартия раҳбарининг таклиф бўйича хулосасига фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, мана шундай қоида дунёнинг қатор давлатлари конституцияларида мавжуд.

«Бу ерда бир нарсани қайд этиш керак, мана шундай қоида кўпгина конституцияларда бор. Биринчи бўлимда энг муҳим конституциявий принциплар тасдиқланади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси деган сўз, Ўзбекистоннинг номи тушунчаси.

Ёки айтиладики, ким Ўзбекистон номидан гапира олади? Мен Ўзбекистон халқи номидан гапираман дейдиганлар чиқиб қолади. Халқ номидан умумхалқ томонидан сайланган Ўзбекистон Республикаси президенти ва Олий Мажлис гапира олади.

Бундан бошқа ҳеч ким, на сиёсий партия, бирор мансабдор шахс халқ номидан гапира олмайди. Мана шу биринчи қисмда берилган моддалар бошқа барча бўлимларга тегишли бўлиши белгиланади», — дейди Саидов.

Эслатиб ўтамиз, 17 январь куни Давлат солиқ қўмитасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Шерзод Кудбиев журналистга халқ номидан гапирмаслиги кераклигини уқтирганди.

Шу пайтда журналист: «Одамларимиз нега сизнинг саволингизга жавоб бермади деб менга ёзяпти: Artel корхоналар тизимининг шохи борми? Кимнинг елкасига тушишини нега айтмаяпти? Яъни халқимиз сиздан тўлиқ, батафсил жавоб кутяпти», — дея Кудбиевга юзланган.

Шу ўринда, ДСҚ раиси саволга жавоб бермай, журналистнинг халқ номидан гапиришга ҳаққи йўқлигини таъкидлаб, шундай деганди: «Юлдузхон, бу масалада Молия вазири ўринбосари маълумот бермоқчи. Лекин менинг фикримча, мен сизнинг саволингизга юк ҳеч кимнинг елкасига тушмайди, деб жавоб бердим. Қониқмаган бўлсангиз, бу сизнинг ишингиз.

Иккинчидан, Юлдузхон, сиз ҳали ёш қизчасиз. Халқ номидан икки хил тоифадаги одамлар гапириши мумкин. Сиз халқ номидан гапира олмайсиз. Халқ номидан фақат Президент ва депутат гапириши мумкин. Сабаби уларни халқ сайлайди. Бошқа одамнинг халқ номидан гапиришга юридик ҳам ҳуқуқий ҳам ҳаққи йўқ», — деган ДСҚ раиси.

Bugun — LIVE