Илм-фан - 20:17 · 10.06.2022

Осмонда катта Сайёралар паради кузатилади — фото

Ерликлар 11 июндан бошлаб 170 йилда бир марта бўладиган ҳодиса — катта Сайёралар парадини кузатилиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия интитути хабар берди.

1-расм. Сайёралар парадининг осмондаги кўриниши (2022 йил 11 июнь)

Таъкидланишича, Сайёралар паради ноёб астрономик ҳодисалардан бири бўлиб, бунда 2 ва ундан ортиқ сайёралар бир тўғри чизиқда ёки бир-бирига яқин бурчак масофада жойлашади. Сайёралар паради икки гуруҳга бўлинади. Биринчи гуруҳ кичик сайёралар паради деб аталади ва унда 4 тагача сайёралар қатнашади. Кичик сайёралар паради бир йилда бир марта содир бўлиши мумкин. Иккинчи гуруҳ эса катта сайёралар паради деб аталади, бунда 5 та ёки ундан ортиқ сайёралар бир-бирига яқин бурчак масофага келишади. Ушбу ҳодиса 18–20 йилда бир марта содир бўлади. Бундан ташқари, Қуёш системасидаги 8 та сайёра иштирокидаги парад ҳам бўлиши мумкин, бу ноёб астрономик ҳодиса 170 йилда бир марта содир бўлади.

Ҳозирги кунларда катта сайёралар паради содир бўлмоқда. Бу ҳодисада Қуёш системасидаги 7 та сайёра иштирок этмоқда ва улар Ердан туриб кузатилганда бир-бирига яқин бурчак масофада кўринади. Ушбу сайёралар парадида Меркурий, Венера, Марс, Юпитер, Сатурн, Уран ва Нептун сайёралари иштирок этмоқда. Булардан Уран ва Нептун жуда хиралиги учун кўринмайди, лекин қолган 5 та сайёрани оддий кўз орқали бемалол кўриш мумкин. Шунингдек, 20 июнь куни ушбу сайёралар парадига Ой ҳам қўшилади. Ушбу астрономик ҳодисани тонгга яқин Қуёш чиқмасдан аввал осмоннинг жануби-шарқий томонида кўриш мумкин. Бу сайёралар тахминан 90 градус майдонга ўзаро жойлашади. Ушбу парадда 11 июнь ҳисобига кўра тахминан тунги соат 3:45 дан то Қуёш чиқиши вақтига қадар бир вақтнинг ўзида 4 та сайёрани — Венера, Марс, Юпитер ва Сатурн сайёраларини жануби-шарқ томонда кўриш мумкин.

Бу пайтда горизонтга энг яқин жойлашган сайёра Венера бўлиб, унинг горизонтдан баландлиги 7 гардус, вақт давомида ортиб боради. Ундан ўнгроқда ва юқорироқда Марс сайёраси жойлашган, унинг горизонтдан баландлиги 22 градусни ташкил қилади. Марсдан юқорироқда ва ўнгроқда Юпитер сайёраси жойлашган бўлиб, унинг горизонтдан баландлиги 25 градусни ташкил қилади. Юпитердан ўнг тарафда ва юқорироқда Сатурн сайёраси жойлашган, унинг горизонтдан баландлиги 32 градусга тенг бўлади. Сайёраларнинг горизонтдан баландлиги вақт ўтиши билан ортиб бораверади. Ушбу парадда Меркурий сайёраси ҳам иштирок этмоқда, лекин унинг горизонтдан баландлиги жуда кичиклиги учун даставвал кўзга кўринмайди. Кейинчалик тахминан 19–25 июнь кунлари баладлиги ортишини ҳисобига Меркурийни ҳам горизонтдан юқорироқда — Венеранинг чап томонида кўриш мумкин бўлади.

2-расм. Сайёралар парадининг осмондаги кўриниши (2022 йил 24 июнь)

Сайёраларнинг ушбу парадига 20 июнь куни Ой ҳам қўшилади. Яъни Ой ушбу парад содир бўлаётган соҳага киради. Бу пайтда Ой Юпитер ва Сатурн орасида кўринади. 24 июнь куни тахминан эрталабки соат 4 дан бошлаб 6 та осмон жисмини: Меркурий, Венера, Ой, Марс, Юпитер, Сатурнларни бир вақтнинг ўзида осмоннинг жануби-шарқ томонида кўриш имконияти мавжуд бўлади. Бу пайтда энг биринчи шарқда горизонтдан юқорироқда Меркурий, ундан кейин жануб томонга қараб Венера, Ой, Марс, Юпитер ва Сатурн каби кетма-кетликда жойлашади. Бунда Меркурий баландлиги 5 градус, Венера 12 градус, Ой 25 градус, Марс 32 градус, Юпитер 37 градус ва Сатурн 34 градус баландликда кўринади. Ушбу ноёб астрономик ҳодиса июль ойи охиригача давом этади.

3-расм. Сайёраларнинг осмондаги кўриниши. (Вертикал чизиқлардаги қийматлар сайёраларнинг горизонтдан баландлиги, горизонталь чизиқдаги қийматлар эса сайёралар орасидаги масофалар)

Сайёралар парадининг энг биринчи навбатда амалий аҳамияти шундан иборатки, сайёраларни тадқиқ қилишда уларга космик аппаратлар юборилади. Агар космик аппарат сайёралар паради даврида учирилса, сайёраларнинг гравитацион кучи ёрдамида манёврларни амалга ошириб, тезлигини бир неча баробарга ошириши мумкин. Шунингдек, қисқа вақт давомида космик аппарат бир нечта сайёраларни тадқиқ қила олади. Бунда биринчидан ёнилғи сарфи камаяди, иккинчидан вақт тежалади ва учинчидан космик аппаратнинг тадқиқот самарадорлиги ортади.

Bugun — LIVE