Жамият - 23:15 · 10.06.2022

Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан чиқариб юбормаслик таклиф этилди

Қонунчилик палатасида 10 июнь куни ўтказилган Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича келиб тушаётган таклифлар, хусусан, Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан чиқариб юбормаслик таклифи муҳокама этилди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Кадр: YouTube

Қайд этилишича, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев 22-моддага Ўзбекистон фуқаросини четга чиқариб юбормаслик бўйича қўшимча киритилаётгани ҳақида гапирган.

«Узоқ муддат чет элда яшаган инсон сифатида буни ўзимга яқин қабул қиламан. Шунингдек, кўплаб фуқароларимиз ҳам хорижда ўқимоқда, ишламоқда. Қонунчиликка қарайдиган бўлсак, бу Жиноят процессуал кодексимизда ҳам, қатор давлатларда ҳам белгиланган. Бу қўшимча халқаро ҳамжамият қонунчилигига ҳам мос келади, деб ўйлайман.

Энг муҳими, бу мустақиллигимизнинг намоён бўлишига исбот дея тушунамиз. Иккинчи жиҳатдан, бу шахснинг ўзига таниш бўлган ҳуқуқий тизимдан ўз ихтиёрига зид равишда ажратиб олмаслик тушунчаси, учинчидан суд-ҳуқуқ тизимизга кўрсатилаётган ҳурмат сифатида кўриш мумкин», — деди Умид Обидхўжаев.

Шунингдек, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов бу қоида совет даврида энг кенг тарқалган қоида бўлгани ҳақида гапириб, фуқаролик давлат ва инсон ўртасида боғлаб турувчи халқа эканини таъкидлади.

«Давлат ўзининг фуқаросини хорижда бўлса ҳам ҳимоясини елкасига оляпти. Бу фуқаро менг ёқмади деб чиқариб юбормаяпти. Биз буни 30 йил олдин ўйлаб ҳам кўрмаган эканмиз. Бу ерда фақат Ўзбекистон фуқаролиги бўлган шахс ҳақида гап кетяпти», — деди Акмал Саидов.

Bugun — LIVE