Жамият - 8:29 · 10.06.2022

Ўзбекистон муфтийси Мисрдаги ватандошлар билан учрашиб, нутқ сўзлади — фото

Миср пойтахти Қоҳира шаҳридаги «Сафир» меҳмонхонасида 9 июнь куни муфтий Нуриддин Холиқназаров бир гуруҳ ватандошлар билан учрашди. Бу ҳақда «Bugun.uz»га Мусулмонлар идораси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлар идораси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, учрашув Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ташкилотчилигида ўтказилган. Унда муфтий ватандошлар қаршисида нутқ сўзлаб, уларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берган.

Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлар идораси хорижда яшаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, ҳамкорлик қилиш шунингдек, меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқ ва манфаатлари, эътиқодларини ҳимоялаш борасида жуда катта ишлар қилинаётганини таъкидлаб ўтган.

Муфтийнинг таъкидлашича, ушбу гапларнинг амалий ифодасини қуйидаги мисолларда ҳам кўриш мумкин:

  • Ўтган Рамазон ойида 12 нафар ўзбекистонлик уламо АҚШдаги ватандошлар билан муборак ибодатларни бирга адо этиш баробарида маънавий-маърифий суҳбатлар орқали уларнинг руҳий оламини бойитди.
  • Европа, Россия, МДҲ ва қўшни давлатлардаги ватандошлар билан имом-домлалар доимий учрашувлар ташкил этиб келмоқдалар. Айни кунларда бир домламиз Татаристонда бўлиб турибди.
  • Ўтган кунги анжуманда ҳам катта эътироф этилган ишларимиздан яна бири Сурия ва Афғонистондаги уруш ўчоқларидан 500 дан зиёд фуқароларни она Ватанга қайтарилгани бўлди.
  • Ўзбекистон хориждаги ҳар қандай вазиятда ҳар бир фуқарони эътиборсиз қолдирмайди, уларга доимий ғамхўрлик қилиш пайида бўлади, муаммо ва ташвишларини енгиллатиш учун бор имкониятини ишга солади.

«Бу гапларнинг амалдаги ифодасини Украинадаги қалтис воқеалардан сўнг 6 мингдан зиёд ватандошларимиз она-Ватанга қайтарилгани ва уларнинг ишлашлари ҳамда ўқишни давом эттиришлари учун барча шарт-шароитлар берилганида яққол кўриш мумкин. Умид қиламанки, Мисрдаги ватандошлар билан ҳам мана шундай ишлар олиб борилади. Бугунги мулоқотимиз ҳамжиҳатлигимизни янги босқичга олиб чиқади, инша Аллоҳ», — дейди Нуриддин Холиқназаров.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлар идораси ахборот хизмати

Украинадаги қалтис воқеалардан сўнг 6 мингдан зиёд Ўзбекситон фуқароларининг ватанга қайтарилгани ва уларнинг ишлашлари ҳамда ўқишни давом эттиришлари учун барча шарт-шароитлар берилганини айтиб ўтган.

Муфтий Ўзбекистонда сўнгги йилларда дин соҳасида жуда катта хайрли ишлар бўлаётгани, хусусан мўмин-мусулмонларнинг шаръий эҳтиёжларини тўла қондиришга катта саъй-ҳаракат қилинаётганини айтиб, Мисрда таҳсил олаётган аҳли илмлар Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Қуръони карим ва тажвид курсларига керак бўлишини таъкидлаган.

Нуриддин Холиқназаров ўзга юртда яшаш, ишлаш ва ўқиш осон эмаслигини таъкидлаб, ватандошларга ўзлари яшаб турган давлат қонунлари ва тартибларига жиддий риоя қилиш лозимлигини, акс ҳолда турли ташвишли оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигини айтган. Шунингдек, ватандошлар мусофир юртларда туғилиб ўсаётган фарзандларини Ўзбекистонга муҳаббатли қилиб тарбиялашлари лозимлигини уқтирган.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлар идораси ахборот хизмати

Бундан ташқари 9 июнь куни Қоҳирада ўтказилаётган халқаро анжуман доирасида муфтий Нуриддин Холиқназаров Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Иброҳим Аллом билан учрашув ўтказган.. Унда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансур Қиличев, Миср Араб Республикаси муфтийлиги вакиллари ва бошқа мутасаддилар ҳам иштирок этган.

Bugun — LIVE