Жамият - 16:19 · 10.06.2022

Ўзбекистонда «Почта алоқаси тўғрисида»ги қонун имзоланди

«Почта алоқаси тўғрисида»ги қонун Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, қонунчиликка посилка, почта курьери каби тушунчалар киритилган. Қонунга кўра, почта хизматлари почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан почта, курьерлик хизматлари ҳамда бошқа турдаги почта хизматлари тарзида шартнома асосида кўрсатилади.

Фойдаланувчиларнинг манзилига оид маълумотлар, почта ва курьерлик жўнатмалари ҳамда уларнинг таркиби тўғрисидаги ахборот, почта алоқаси операторлари ҳамда провайдерларининг фаолияти соҳасига кирадиган бошқа хабарлар, шунингдек, ушбу почта ва курьерлик жўнатмаларининг ўзи почта алоқасининг сирини ташкил этади.

Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари почта хизматларини кўрсатиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик учун фойдаланувчиларга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплайди. Почта ва курьерлик жўнатмаси топширилмагани, ўз вақтида етказиб берилмагани ёки йўқотилгани, бузилгани (шикастлангани) ёхуд ўтказилган пул маблағлари тўланмагани билан боғлиқ эътирозлар почта ва курьерлик жўнатмаси топширилган кундан эътиборан 6 ой ичида тақдим этилади.

Почта хизматларидан фойдаланувчилар почта алоқаси хизматларининг бошқа фойдаланувчиларига, почта алоқаси операторлари ёки провайдерларига етказилган, жўнатилиши тақиқланган предметлар ва моддаларни почта ва курьерлик жўнатмаларига жойлаш натижасида ёки улар лозим даражада ўралмагани натижасида юзага келган зарар учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Аввалроқ Ўзбекистон почта тизимига пандемия қанчалик таъсир қилгани айтилганди. Бундан ташқари, почта жўнатмаларини онлайн кузатиб бориш қачондан бошланишига аниқлик киритилган.

Bugun — LIVE