Илм-фан - 21:27 · 10.06.2022

Ўзбекистонда «Ректорлар мактаби» тизими йўлга қўйилади

Ўзбекистонда ҳукумат қарори билан «Ректорлар мактаби» тизими йўлга қўйилиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистон» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, «Ректорлар мактаби» олий таълим муассасалари ректор лавозимларига муносиб номзодларни саралаш ҳамда бошқарув кадрлар захираларини шакллантириш мақсадида тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, ҳукумат қарорига кўра, Республика олий таълим кенгаши таркиби янгиланган ва кенгашга янги ваколатлар берилган. Хусусан, киритилган ўзгаришларга мувофиқ эндиликда:

  • Олий таълим соҳасига тегишли барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Кенгаш билан келишилади;
  • Республика олий таълим кенгаши Тошкент давлат транспорт университети биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади;
  • республикадаги барча олий таълим муассасалари ва ректорларнинг мустақил рейтингини шакллантириш ҳамда уларнинг йиллик ўсиш динамикасини таъминлаш бўйича ташкилий масалаларда кўмаклашилади.

Тошкент давлат транспорт университети ректори лавозимида ишлаб келаётган Одил Абдурахманов бир вақтнинг ўзида Кенгашга раислик қилади.

Аввалроқ Ўзбекистон Президенти ҳузурида 25 май куни мактаб таълимидаги ислоҳотларнинг бориши муҳокама қилинганди. Унда Ўзбекистонда университетларга қабул жараёни такомиллаштирилиши маълум бўлганди.

Bugun — LIVE