Жамият - 16:38 · 10.06.2022

Сенатор Конституцияда оиланинг фақат эркак ва аёлдан иборат уюшма сифатида белгиланишига қарши чиқди

Қонунчилик палатасида 10 июнь куни ўтказилган Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилишида бош қомусга ўзгартиришлар киритиш бўйича келиб тушаётган таклифлар муҳокама этилди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Кадр: YouTube

Қайд этилишича, йиғилиш давомида шу кунга қадар юридик жиҳатдан расмийлаштирилган 41 та ғоя асосида Конституциянинг жами 24 та моддаси билан боғлиқ нормалар кўриб чиқилган. Хусусан, комиссия аъзоларидан бири, депутат Тўлқин Каримов 63-моддадаги никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади, дея ёзилган бандини никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади, деб қайд этиш таклиф этилгани ҳақида гапирган.

Хориж мамлакатлари тажрибасида, жумладан, Россия, Украина, Арманистон, Қирғизистон, Грузия ва Польша каби давлатларда ҳам никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий иттифоқи экани белгилаб қўйилганини таъкидлаган. Шунингдек, Миллий тикланиш фракцияси раиси ҳам бунга ўз муносабатини билдирган.

«Бундан 7–10 йил олдин бу кескинлик йўқ эди. Биз Конституцияда мана шунга ўхшаган таҳдидий ҳолат бор эканига унча эътибор бермаган эканмиз. ‘Томонларнинг’ дегани шуки, Ғарб дунёсида жуда тез ривожланиб кетаётган бир жинсли никоҳларга қонун даражасида рухсат берилган. Мана шу ўзгартиришнинг киритилишини маънавий ҳимоямизнинг яққол тимсоли сифатида кўришимиз керак, мен буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман», — деди Алишер Қодиров.

Бироқ мажлисда ўтирган комиссия аъзоларидан бири, сенатор Абдураҳим Иркаев бунга қарши чиқиб, ўзгартириш керакмаслигини, чет эл бунга қандай реакция билдириши борасида хавотирларини гапирган.

«Моҳияти жиҳатидан бу таклифни ҳаммамиз қўллаб-қувватлаймиз. Аммо бир нарсага эътибор қаратиш керак: эркак ва аёл деб ёзиб қўйишимизга чет эл қандай реакция билдиради? Балки шуни эскича қолдирармиз. Қичимаган жойни қашиб, нима керак? Ҳозир ҳам бесоқолбозлик Конституциядан чиқиб кетмагани учун биз қанча таъна эшитяпмиз. Буни ўйлаб кўриш керак, лекин барчамиз буни инсон сифатида қўллаб-қувватлаймиз. Аммо қўшнилар, жаҳон жамоатчилиги билан ҳам ҳисоблашиш керак», — деди Иркаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Конституциясида ўлим жазосини тиклаш таклиф этилганди. Шунингдек, мактабни битирган барча йигитларга ҳарбий мажбуриятни ўташ таклиф қилинган.

Bugun — LIVE