Сиёсат - 19:45 · 10.06.2022

Шавкат Мирзиёев БААнинг ҳукумат ишлари бўйича вазири бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Вазир Муҳаммад ал-Гаргавий давлатимиз раҳбарига Амирликлар Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён ва БАА Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад Ол Мактумнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳот ва янгиланишлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани, унинг самарали рўёбга чиқарилишида зарур кўмакни кўрсатишга тайёрлиги таъкидланган.

Кейинги йилларда Ўзбекистон–БАА муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани қайд этилган. Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ва инвестициялар ҳажми ўсмоқда. Жумладан, жорий йил бошидан ўзаро савдо икки баробарга кўпайди, мамлакатимизда 45 та янги қўшма корхона ташкил этилган.

Иқтисодий ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва илгари суриш бўйича таъсирчан тизим асосида Амирликларнинг етакчи компания ва ташкилотлари иштирокида инвестициялар ҳажми қарийб 3 миллиард доллар бўлган 17 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

«Mubadala» компанияси билан ҳамкорликда Талимаржон иссиқлик электр станцияси қувватларини кенгайтириш, «Masdar» компанияси билан эса юртимиз ҳудудларида шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Етакчи «DP World» компанияси билан «Навоий» мультимодал хаби ва иқтисодий зонасини ривожлантириш, шунингдек, божхона маъмуриятчилиги тизимини модернизация қилиш  масалалари ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, логистика, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Музокаралар чоғида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш борасидаги, «Бир миллион дастурчи» дастури ва Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори фаолияти доирасидаги ҳамкорликнинг амалий натижалари катта мамнуният билан қайд этилган.

Инновациялар ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорлик қилиш, муҳим тармоқларни ислоҳ қилиш, давлат бошқарувини янада такомиллаштириш ва замонавий кадрларни тайёрлаш юзасидан мулоқотни кенгайтириш узоқ муддатли шерикликнинг янги йўналишлари сифатида белгиланган.

Қабул қилинган қарорлар ва учрашувда илгари сурилган ташаббусларни тўлиқ амалга ошириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки президенти ўринбосари Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани хабар берилганди. Шунингдек, давлат раҳбари Россия саноат ва савдо вазири бошчилигидаги делегацияни ҳамда Туркия ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани айтилганди.

Bugun — LIVE