Жамият - 11:36 · 10.06.2022

Тошкентда ички ишлар ходимлари йигит ва қизни калтаклагани айтилмоқда — фото

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 7 июндан 8 июнга ўтар кечаси 2 нафар ички ишлар ходими йигит ва қизни калтаклагани айтилмоқда. Бу ҳақда «Nemolchi.uz» лойиҳасига мурожаат келиб тушган.

Айтилишича, уларга уйи яқинида ички ишлар ходимлари ҳужжатларни текшириш учун мурожаат қилган. Ходимлар ҳужжатларни текширгач, уларни ички ишлар бўлимига олиб боришини айтган. Қиз эса ҳеч қаёққа бормаслигини, бунга ҳеч қандай сабаб йўқлигини таъкидлаган, лекин ходимлар уларни мажбурлаб машинага ўтқизган.

Фото: «Nemolchi.uz»

Таъкидланишича, қиз телефонида содир бўлаётган воқеани тасвирга олган. Лекин ходимлар телефонни олиб қўйиб, тасвирларни ўчириб ташлаган.

Кейин эса, улр Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлимига олиб келинган ва база орқали маълумотлари текширилган. Қонунбузарлик ҳолатлари бўлмагани учун улар қўйиб юборилган.

«Йўлдошев Азиз ва Қаҳрамонов Нурабек мени ва дўстимни қаттиқ калтаклашди, бурнимни синдиришди, кўкрак ва қорнимга тепишди, жинсий зўравонлик билан қўрқитишди, сўкишди ва ҳақорат қилишди. Йигитимни ҳушидан кетгунга қадар калтаклашди», дейилади мурожаатда.

Фото: «Nemolchi.uz»

Айтилишича, йўлда қиз улардан қаерга олиб кетишаётганини сўраган, лекин ҳодимлар унинг устидан кулган ва жинсий зўравонлик билан таҳдид қилган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати «Nemolchi.uz» таҳририяти сўровига кўра, мазкур факт бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилган.

Бош прокуратура эса ҳозирда мазкур факт юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланганини қайд этган.

Аввалроқ Тошкент вилоятида ички ишлар ходимлари ва фуқаролар ўртасида жанжал юз берганди. Қашқадарёда фуқаролар ва ички ишлар ходимлари ўртасида жанжал келиб чиққани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE