Сиёсат - 21:54 · 10.06.2022

Яшасин ошкоралик! У бардавом бўлиши учун бугун фаол бўлайлик

Йил якунигача ҳали олти ойдан кўпроқ вақт бор, аммо бугун ҳеч шубҳасиз ва истиҳоласиз айтиш мумкинки, Ўзбекистон учун йилнинг энг долзарб воқеаси аллақачон бошланиб бўлди — бу 1992 йилда қабул қилинган Конституцияни ислоҳ қилишга доир ҳаракатлардир. 10 июнь куни Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Таъбир жоиз бўлса, куннинг энг муҳим воқелиги ҳам шу тадбирда юз берди — уч соатдан ортиқ давом этган йиғилиш бир неча телеканаллар ва ижтимоий тармоқлар орқали жонли эфирда намойиш этилди.

Фото: Конституциявий комиссия матбуот хизмати

Қандай қилиб бир гуруҳ депутатлар иштирок этган бир неча соатлик йиғилишнинг жонли эфирда кўрсатилиши куннинг энг муҳим воқеаси бўлиши мумкин? Очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик — Янги Ўзбекистоннинг энг кўп эътироф этилган ютуқларидир. Шунга қарамай, баъзида айрим мутассаддиларнинг эътиборсизлиги ё совуққонлиги сабаб, бу ютуқларга соя соладиган камчиликларга йўл қўйилган ҳолатлар ҳам бўлди. Маълум вақт Сенат ялпи мажлислари, Қонунчилик палатаси йиғилишлари жонли эфирга узатилмай қўйгани очиқлик йўлида қилинган қанчадан-қанча саъй-ҳаракатларни йўққа чиқаргандек кўринди. Узоққа бориб нима қилдик, Конституциявий комиссиянинг дастлабки йиғилишлари, айрим кузатувчиларнинг назарида, тор, чекланган доирада ёритилгани умуман конституциявий ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсадларнинг шубҳа остига олинишига сабаб бўлди.

Шу жиҳатдан, Конституциявий комиссиянинг бугунги йиғилиши жонли эфирда кўрсатилгани, ҳар бир партия, ҳар бир депутат, ҳар бир ташаббускор фуқаро томонидан илгари сурилган таклифларнинг номма-ном, батафсил эълон қилингани ва очиқ муҳокама қўйилгани ҳамда жараён тўлиғича жамоатчилик эътиборига ҳавола қилингани чинакам муҳим воқеадир. Биз, блогер Шаҳноза Соатованинг таърифи билан айтганда, кўз олдимизда «яратилаётган тарих»нинг жонли гувоҳига айландик. Мазкур ҳолат шуниси билан ҳам эътиборлики, у Конституциявий комиссиясининг дастлабки тадбирларидан сўнг жараён очиқ, кенг ва тенг ёритилиши лозимлиги ҳақида билдирилган муносабатлар инобатга олинганини ҳам кўрсатади. Бу ҳам бир хушхабар: ислоҳотчилар жамоатчиликнинг муносабатларини чиндан эшитяпти, «ҳаммаси ҳақиқий». Энг асосийси, бу ислоҳот ислоҳотчиларники эмас, балки жамоатчиликники, жамиятники, халқники.

Шундай экан, нафақат жамоатчиликнинг фаол қатлами, балки бутун Ўзбекистон халқи мазкур жараённи диққат билан кузатиб бориши, бефарқ бўлмай, оддий одамлар ҳаётини яхшилайдиган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўла рўёбга чиқарадиган, энг муҳими, ишлайдиган таклифларни билдириш имкониятидан фойдаланиб қолиши мақсадга мувофиқдир. Биз бу конституциявий ислоҳотларни нега ҳали якунига етмаган 2022 йилнинг энг муҳим воқеаси дея эътироф этмоқдамиз? Чунки бу жараёнда сизнинг, бизнинг, уларнинг таклифлари асосида Конституцияга киритилажак ўзгартиш ва қўшимчалар кейинги бир неча ўн йиллик ҳаётимизга бевосита таъсир қилади.

Масалан, депутатлар иштирокидаги йиғилишлар очиқ, жонли эфирда намойиш этилиши бугунгидек алоҳида, фавқулодда муҳим воқеа эмас, балки тонгда уйғониб, нонушта қилишдек оддий, одатий ҳолга айланиши учун ҳам бугун бефарқ бўлмаслик, фаоллик кўрсатмоқ лозим. Эртага кеч бўлмаслиги учун бугун фаол бўлайлик!

«Bugun.uz» таҳририяти

Bugun — LIVE