Жамият - 9:30 · 11.06.2022

Ангор тумани мактабгача таълим бўлими 1,3 млрд сўмлик лойиҳани корхонага тендерсиз топширгани тасдиқланди

Сурхондарё вилояти Ангор тумани мактабгача таълим бўлими 1,3 миллиард сўмлик лойиҳани корхонага тендерсиз топширгани ҳақида хабар берилганди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати «Bugun.uz» ўтказган ушбу ўрганиш бўйича муносабат билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳолат юзасидан давлат хариди билан боғлиқ ҳужжат ва маълумотлар ўрганиб чиқилган ва Ангор тумани мактабгача таълим бўлими томонидан ўтказилган давлат харидида қонунчилик талаблари бузилганлиги аниқланган. Ўрганиш натижасида мазкур давлат хариди бўйича «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунларининг талаблари бузилганлиги маълум бўлган.

Хусусан, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунининг 21-моддасида хўжалик шартномалари уларни имзолашга тайёрлаш жараёнида хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизмати ёки жалб этилган адвокатлар томонидан қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан текшириб кўрилиши кераклиги, шартномаларни уларнинг имзоларисиз тузишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган. Шунга қарамай, Ангор туман мактабгача таълим бўлими билан 2022 йил 27 январда тузилган шартнома ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан тарафлар томонидан имзоланган ва орадан 4 ой ўтгач, ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган.

«Шунингдек, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида давлат харидларининг асосий принциплари (молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик) белгиланган. Шу каби ушбу қонуннинг 19-моддасида давлат буюртмачиси давлат харидларини амалга оширишда ўз расмий веб-сайтига ёки ўзининг юқори турувчи органи расмий веб-сайтига, оммавий ахборот воситаларига эълон жойлаштириши, давлат харидларини режалаштириши, бўлажак давлат харидлари тўғрисидаги эълонларни фақат молиялаштириш манбалари ва миқдорлари мавжудлиги тасдиқланган тақдирдагина махсус ахборот портали орқали давлат харидларининг электрон тизимига ва оммавий ахборот воситаларига жойлаштириши шарт эканлиги қайд этилган», дейилади хабарда.

Агентликка кўра, Ангор туман мактабгача таълим бўлими томонидан ушбу талабларга риоя қилинмаган ҳолда давлат хариди бўйича шартнома имзоланган. Бундан ташқари, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 71-моддасига кўра, давлат буюртмачилари тўғридан-тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборотни шартнома тузилган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида махсус ахборот порталига жойлаштириши шарт.

Таъкидланишича, Ангор тумани мактабгача таълим бўлими томонидан 2022 йил 27 январь куни тузилган 7-сонли шартнома махсус электрон ахборот порталига 113 кунга кечиктириб жойлаштирилган. Мазкур ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Когон ТЙФУК томонидан ўтказилган тендерда комиссия раисининг опаси билан боғлиқ фирма ғалаба қозонгани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE