Жамият - 21:47 · 11.06.2022

Аниқ танланган касб, четда меҳнат қилиш, оила қуриш. Ўзбекистонда мактаб битирувчилари нимани режа қилган? — сўровнома

Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти мактаб битирувчиларининг келгуси режалари юзасидан сўровнома ташкил қилди. Унда турли ҳудудлардан 17 мингдан ортиқ респондент овоз берди.

Таъкидланишича, битирувчиларга мактаб давридан кейин қандай режаларни тузгани, ОТМларга кириш имтиҳонларига кўраётган тайёргарлиги ёки қайси касбни танлаганликлари ҳақидаги саволлар билан мурожаат қилинган. Натижалар эса қуйидагича.

Битирувчиларнинг режалари аниқми?

Бу савол бўйича 2021–2022 ўқув йилини тамомлаётган 11-синф битирувчиларининг 67 фоизи аллақачон касб (соҳа)ларини танлаб қўйганини билдирган. Энг қуйи кўрсаткич эса 6 фоизни ташкил этиб, бунда битирувчилар келгуси режаларини ҳозирдан режалаштиришга ҳали эрта деб ҳисоблашини ҳамда шахсий ҳаёт, оила қуришни режалаштираётганини таъкидлаган.

Сўровноманинг навбатдаги саволи юзасидан таҳлил қилинганда, битирувчиларнинг 44 фоизи кириш имтиҳонларига репетиторга бормасдан ўзлари мустақил тайёргарлик кўрганлигини, аксинча 7 фоизи эса ўқиш нияти йўқлигини маълум қилган.

Шунингдек, хорижда меҳнат қилишга кетишни режалаштираётган битирувчиларнинг нима сабабдан кетмоқчилиги сўралганда, уларнинг 37 фоизи ўқишга қизиқиши борлиги, аммо моддий имконияти йўқлиги сабабли кетмоқчилигини айтган. Энг паст кўрсаткич 9 фоиз бўлиб, бунда битирувчилар ўқишга қизиқиши йўқлиги сабабли кетмоқчилигини билдириб ўтган. Респондентларнинг 33 фоизи эса бу саволга аниқ жавоб бера олмаслигини таъкидлаган.

Сўровноманинг навбатдаги саволида энг юқори кўрсаткич 57 фоиз бўлиб, унда битирувчилар ўз истагига кўра касб танлаётгани аниқланган. Аксинча, энг қуйи кўрсаткич эса 6 фоизни ташкил этиб, битирувчилар ўзларини тўғри келган касб (соҳа)да синаб кўрмоқчилигини маълум қилган.

Сўровноманинг сўнгги саволи юзасидан таҳлиллар шуни кўрсатадики, респондентларнинг асосий қисми педагогика ва психология соҳасида фаолият юритиш мақсади борлигини айтган бўлиб, улар 20,9 фоизни ташкил этади. Энг қуйи кўрсаткич ижодий соҳаларда экани қайд этилган, яъни 1,4 фоиз. Ҳунарлар ичида энг баланд кўрсаткич ижтимоий хизмат соҳалари (сартарош, тикувчи, косметолог ва бошқалар)да (3,7 фоиз), энг қуйи натижа эса фермерлик, деҳқончилик, ҳунармандчилик ва устачиликда (0,9 фоиз) экани келтириб ўтилган.

***

Статистик маълумотларга кўра, аҳолиси 35 миллиондан ортиқ бўлган Ўзбекистоннинг 1,6 миллионга яқин аҳолиси республикадан ташқарида ишлайди. Меҳнат муҳожирларининг катта қисми Россияда иш фаолиятини олиб боради.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистондан 3354 нафар фуқаро Қозоғистонга, 1123 нафари Туркияга, 826 нафари Жанубий Кореяга, яна 1574 нафари бошқа мамлакатларга иш учун чиқиб кетган.

Бугунги кунда умумий ўрта таълим мактаб битирувчилари сони 390 мингга яқинни ва 1-синф ўқувчилари эса 585 000 нафарни ташкил этади. Бу эса, ўз навбатида, 10 йилдан сўнг битирувчилар сони 1,5 баробарга ортишини билдиради.

Маълумот учун, 2020–2021 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 437,3 минг нафар 11-синф битирувчиларидан 109,3 минг (25 фоиз) нафари ОТМга кирган бўлса, ОТМ кирмаган битирувчилар сони 328 мингни (75 фоиз) ташкил этган.

Олиб борилган тадқиқотдан маълум бўлдики, мамлакатда 100 дан ортиқ касб мавжуд бўлса-да, битирувчилар бор-йўғи 20 га яқин касб ҳақида тасаввурга эга. 18 та фан ўқитувчилари билан суҳбатлашилганда, уларнинг ўз соҳаси бўйича битирувчиларга берадиган тавсияси энг кўпи билан 5–6 та касбни ташкил этмоқда.

Маълумот учун, Manpower Group бандлик сўровига кўра, дунё бўйлаб энг кўп талаб қилинадиган 5 та касб аниқланди:

  • IT дастурий таъминот муҳандиси;
  • Савдо ва маркетинг;
  • Операциялар ва логистика;
  • Ишлаб чиқариш (тармоқлар бўйича);
  • Офисда мижозлар билан ишлаш.

Тадқиқот натижасида 20,9 фоиз битирувчилар педагогика ва психология касбини танлашини айтган, бу жами битирувчиларга нисбатан 81 500 нафар бўлмоқда. Ҳозирги вақтда республика мактабларида фанлар (23 та) бўйича педагог кадрларга бўлган жами эҳтиёж 6200 нафарга яқинни ташкил этмоқда. Натижада 75 300 нафар битирувчининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, келажаги ҳақида аниқ тасаввурга эга деб ҳисобланган 67 фоиз битирувчиларнинг кўпчилиги касб-ҳунарлар ҳақида етарлича маълумотларга эга эмас. Ҳатто жуда кўп касбларни билмайди, яъни меҳнат бозорида қайси касбга талаб юқори, қайси касбдан қанча даромад олиш мумкинлиги хусусида қизиқмаган.

Bugun — LIVE